Донорлар рағбатлантирилади

15.06.2021 13:06:46

Қалбида эзгуликлар билан яшайдиган инсон доимо яхшиликлар қилишга интилиб яшайди. Айниқса, қилаётган бу хайрли амалларимиз кимнингдир соғлиғини сақлашга, ҳаётини узайтиришга кўмак берса-чи? Ўйлаймизки, киши учун бундан ортиқ бахт топилмаса керак. Донорларни ана шундай беғараз ёрдам кўрсатувчи эзгу ниятли инсонлар дейиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда беғараз донорлик ва уни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган йиллар давомида “Қон ва унинг таркибийқ исмлари донорлиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, қон хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётир.

Жорий йилнинг беш ойида Нуробод туман қон қуйиш бўлими томонидан 64 нафар беморга 87, 300 литр қон ва қон таркибий қисмлари ишлатилди. Бўлимга 6 ой давомида 146 нафар тумандошлар кўнгилли қон топшириб, беғараз қон донорлари бўлишди. 24 нафар донор вилоят қон қуйиш марказига бориб қон топширдилар. Ҳар йили  туманимизда 400 га яқин кўнгилли донорлар қон топширадилар.

Тиббиёт ходимлари ва аҳоли ўртасида қон топширишнинг аҳамияти тўғрисида ташвиқот ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Донорларимизга қулайлик яратиш мақсадида қон олишни сайёр гуруҳ орқали жойларга бориб олиш ишлари ташкиллаштирилган. Бир неча йилдан буён Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси туман кенгаши билан ҳамкорликда “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилиб келинмоқда.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 10 июнь куни туман қон қуйиш бўлими ҳамда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси туман кенгаши билан биргаликда кўп йиллар давомида беғараз қон топширган донорлар эътироф этган ҳолда, уларга эсдалик совғалари топширилиши ҳам режалаштирилган.

 

Суюн МАХАЕВ, вилоят қон қуйиш маркази бош изосерологи,

Шокир НОРТОЖИЕВ, Нуробод туман қон қуйиш бўлими тиббий ходими.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+