Донорлик – ҳам савоб, ҳам эхсон

02.06.2021 19:06:24

Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан 1 июнь – “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни" муносабати билан Фарғона вилояти қон қуйиш маркази билан ҳамкорликда “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида донорлик акцияси ўтказилди.  Тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб этишга қаратилган мазкур акцияда соғлом, донорлик қила оладиган инсонлар қатнашди.

Уларнинг сафида  партия фаоллари, депутатлари, шунингдек, қатор шаҳар-туман ҳокимлик вакиллари фаол иштирок этди.  Қувонарлиси, депутатларнинг яқинлари,  партия Кенгаш раисларининг оналари ҳам эзгуликка ўз ҳиссасини қўшдилар.

Қизим партия томонидан акция ўтказилаётганлигини айтганида  унга ҳамроҳ бўлиб келдим, – дейди  Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгаши депутати Озодахон Дадажонованинг оналари Ханифахон ая. –  Ҳар биримиз қўлимиздан келганча ўзгаларга моддий ёки маънавий кўринишда яхшилик қилишга қодирмиз.  Донорлик ҳам  савобли ишнинг бир кўринишидир.   Энг муҳими, биз соғломмиз ва бу  неъмат ҳам бизга берилган бир имконият. Акцияда  мен каби кўплаб оналар бор экан. Уларни кўриб жуда хурсанд бўлдим.

Фарғона вилояти ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Тўлқиной Тожиева, Фарғона давлат университети проректори Илҳом Носиров, Олий Мажлис Сенати қошидаги “Ёшлар парламенти” аъзоси Абдувахоб Тавакаллов, Қўштепа туман ҳокимлиги ўринбосарлари –  Аҳроржон Юнусов, Ойбек Акбаровлар ҳам   донорлар қаторида бўлишди.

Болалар саломатлигини сақлашга қаратилган ишларнинг барчаси эътиборимиздан четда қолмаслиги керак, – дейди Халқ депутатлари Қўштепа тумани Кенгаши депутати Аъзамжон Аҳмаджонов. – Биз кўнгиллилар асосида “Марғилон саховати” гуруҳини ташкил этганмиз. Марғилон шаҳри, Қўштепа туманларидаги  имконияти чекланган, тиббий муолажага муҳтож болажонларга кўмагимизни беришга ҳаракат қиламиз.  Акцияда ҳам 8 нафар дўстларимиз билан иштирок этиб, келажагимиз ворисларига ғойибона таянч бўлишни истадик.

Беғубор кулгуларга бир сабаб кифоя. У ҳам бўлса, саломатлик, хотиржамлик ва яқинларининг қўллаб-қувватлашидир. Акцияда ҳам иштирок этган ҳар бир инсон у кимлиги, мавқеъи ва амалидан қатъий назар бир гўдакнинг, болажонинг, уларнинг ота-оналарига қанот бўла олди. Эзгу ниятлар билан донор деб аталувчи шарафли вазифани бажариб, умидли қалбларга малҳам бўлди. 

Акция Қўқон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли қон қуйиш бўлимида ҳам бўлиб ўтди.

 

Камола  ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон «Адолат» СДП
                                                Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+