Донорлик – саховат ва эзгулик ифодаси

15.06.2021 11:06:46

Ғолибжон Бобоев Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилояти Кенгашида ҳайдовчи бўлиб ишлайди. Университетнинг кечки бўлимида таҳсил ҳам олади. Партиядошларимизнинг ҳар бир ишига камарбаста. Яхшигина сураткаш ҳам. Ўзи қатнашадиган тадбирларни қойилмақом қилиб расмга олади, яъни фотомухбирликни  ўринлатади.

Яқинда бўлиб ўтган “Бор меҳримиз сенга, болажон!” акциясида унинг яна бир фазилатидан хабар топдик. Яъни у ҳаммадан аввал беғараз қон топширди. Бу билан барча партиядошларга ўрнак бўлди. Эзгу ташаббус кенг қулоч ёйишига ҳисса қўшди. Шунинг учун 14 июнда ҳамма қатори Ғолибжонни ҳам “Халқаро донорлар куни” билан қизғин табрикладик. Дарвоқе, Наманганда “Адолат” СДП ташаббуси билан амалга оширилган акцияда ҳар қачонгидан кўп - 120 дан ортиқ киши қатнашди.

– Назаримда, ҳар бир инсон ҳамиша атрофдагиларга  доимо яхшиликлар қилишга интилиб яшаши керак, - дейди Ғ. Бобоев. - Айниқса,  хайрли амал кимнингдир соғлиғини сақлашга, умрини узайтиришга кўмак берса, нур устига аъло нур бўлади. Ҳар бир киши учун буни ҳис қилишдан ортиқ бахт топилмайди. Донорлар, ҳеч шубҳасиз, ана шундай эзгу-ниятли инсонлар сирасига киради.

Шу ўринда  бугунги кунда мамлакатимизда беғараз донорлик ва уни ривожлантиришга катта эътибор берилаётганлигини қайд этиш лозим. Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ташаббус кўрсатаётгани диққатга сазовордир. Партиямиз саъй-ҳаракати билан ҳар йили икки марта болалар учун беғараз донорлик акцияси ташкил этилмоқда. Уларда республикамизнинг турли минтақаларидан юзлаб саховатпеша инсонлар қатнашмоқдалар. Шу аснода сафдошларимизнинг жойлардаги тиббиёт ходимлари, хусусан, қон қуйиш маркази жамоалари билан ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бораётир.

Наманган вилоят қон қуйиш марказида анъанавий “Халқаро донорлар куни” муносабати билан ўтказилган тадбир ҳам партия  вакиллари иштирокида ташкил этилди. Унда сўзга чиққан “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова ҳаммани мазкур сана билан қутлади. Яқинда ўтказилган акцияда намуна кўрсатган тиббиёт ходимлари ва донорларга фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+