Донорлик – шарафли ёрдам, савобли амал

13.12.2023 16:12:27

Донорлик – шарафли ёрдам, мислсиз савоб, хайрли тадбир. Айтиш жоизки, “Адолат” социал-демократик партияси томонидан ташкил этиб келинаётган “Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида беғараз донорлик акцияси ҳар йили икки марта ўтказиб келинмоқда. Ушбу шиор остидаги тадбир минглаб ватандошларимизни қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ва уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли иш учун бирлаштирмоқда.
Бу каби хайрли ишларнинг ташаббускори бўлган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан жорий йилнинг 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Академиясида ташкил этилди.


Мазкур акцияда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Академияси ўқитувчи ва Курсантлари, давлат идоралари вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши аъзолари, партия маҳаллий Кенгашлар раислари, кўнгилли фуқаролар ва партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.


Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда беғараз донорлик ва уни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган йиллар давомида “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, қон хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.


Партия томонидан ташкил этилган донорлик акциясидан кўзланган асосий мақсад ҳам давлатимиз томонида олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатини қўллаб-қувватлаш ва ҳаётга татбиқ этишда кўмакдош бўлиш, шу билан бирга, тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, шунингдек, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишдан иборатдир.


Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти статистикасига кўра, дунёдаги ҳар учинчи инсон ҳаётида бир маротаба бўлса ҳам донор қонига муҳтож бўлади. Мамлакатнинг хавфсиз қонга бўлган асосий эҳтиёжларини қондириш учун камида 1% аҳоли қон топширишининг ўзи кифоя.Қон топшириш инсоннинг инсонга ҳадя этган энг олий даражадаги совғасидир. Ҳаёт ҳадя этиш – савоб ишнинг энг олий ифодаси ҳам саналади.


Маълумот учун: акцияда жами 130 нафар кўнгиллилар иштирок этиб 45 литр қон бемор болажонлар ҳаётини асраб қолиш учун топширилди.


Акция иштирокчилари таъкидлаганидек, соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз шу билан бирга, фойдалидир. Беғараз донорлик — кимнингдир саломатлиги, унинг ҳаёти учун ҳадя этиладиган бебаҳо неъмат.
Демак, яхшилик қилишга хайр-саховатли бўлишга шошилишимиз керак. Шундай экан келинг бугуноқ, бу хайрли ишларни ўз ўрнига амалга оширишга киришайлик!!!

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+