Дори воситалари сифатли бўлсин

26.08.2021 14:08:54

 “Адолат” СДП Наманган вилояти Кенгашида тузилган тарғибот гуруҳи аъзолари Президент сайлови арафасида ўз фаолиятини янада кучайтирмоқда.  Жойларда ташкил этилаётган тадбирларда аҳоли вакиллари партиянинг ғоя ва мақсадлари, сайловолди дастурида олға сурилган масалалар, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритилмоқда. Куни кеча Мингбулоқ туманида “Сайловда менинг овозим муҳим!” мавзуида ёшлар билан учрашув ўтказилганди. Бугун эса Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги тиббиёт бирлашмасига қарашли 5-оила поликлиникасида “Сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига қаршимиз!” шиори остида давра суҳбати ташкил этилди.  Унда шифокорлар билан бирга кенг жамоатчилик вакиллари, партия фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

“Адолат” СДП вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова олиб борган мулоқотда партиямиз вакилларининг юқоридаги лойиҳа асосида олиб бораётган ишлари тўғрисида гап борди. Айниқса, коронавирус пандемияси авж олган ҳозирги шароитда бу масала алоҳида аҳамият касб этгани қайд этилди.  Чунки сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларини тарқалишининг олдини олмай туриб, турли хасталикларни самарали даволаш ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Бунда нафақат партия фаоллари, балки ўзини юрт фидойиси деб ҳисоблайдиган ҳар бир киши жонбозлик кўрсатиши зарур. Жамоатчилик назоратининг кўламларини кенгайтириш ва мунтазамлилигини таъминлаш орқали мақсадга эришиш мумкин.

– Тадбир давомида тиббиёт муассасаларининг фаолиятини такомиллаштиришга тўсқинлик қилаётган бошқа масалалар ҳам тилга олинди, - дейди “Адолат” СДП Давлатобод туман кенгаши раиси Венера Отажонова. - Айрим поликлиника ва касалхоналарда кадрлар етишмовчилиги мавжудлиги, даволаш муассасаларининг моддий-техник негизини мустаҳкамлашга етарли даражада эътибор бермаслик ҳоллари ҳам учрайди. “Тез тиббий ёрдам” хизматидаги камчиликлар ҳам одамларда норозилик кайфиятини туғдираётганидан кўз юмиб бўлмайди. Ана шу каби камчиликларга иложи борича тезроқ барҳам беришга партиямиз фаоллари астойдил бел боғлаганликларидан тўпланганларнинг барчаси хабардор бўлди.

Тадбир қатнашчилари юртимизнинг ҳар бир фуқароси амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлигига ўз ҳиссаларини қўшишлари лозимлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Бунинг учун эса ҳаммадан ташаббус кўрсатиб ишлаш талаб этилади. Шу билан бирга юртдошларимизда, айниқса, навқирон авлод вакилларида ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини шакллантириш ва юксалтириш бўйича изчил иш олиб бориш алоҳида эътибордаги масалага айланиши даркор.

24 октябрда бўлиб ўтадиган Президент сайлови мамлакатимиз тараққиётида янги босқични бошлаб беради. Бу сиёсий тадбирда фаол қатнашиш ҳар бир фуқаро учун муқаддас бурч бўлиши лозим. Шу муносабат билан аҳолининг мазкур жараён ҳақидаги ҳуқуқий билимларини юксалтириш бўйича ташкил этилаётган тарғибот тадбирлари таъсирчанлигини ошириш долзарб аҳамиятга эгалигини ҳам унутиб бўлмайди.

– Тиббий хизмат самарадорлигини ошириш, дорихоналар фаолиятини намунали йўлга қўйиш бугунги кунда муҳим вазифа эканлигини яхши тушундик, - дейди тадбир иштирокчиси Фарҳоджон Ғайбуллаев. - Буларсиз турли хасталикларнинг олдини олишга, дори-дармонларга бўлган талаб ва эҳтиёжни қондиришга эришиб бўлмайди. “Адолат”чиларнинг мазкур йўналишдаги фаолиятини ҳар қанча қўллаб-қувватласа арзийди. Биз  партиянинг бу борада олиб бораётган ташвиқот ишлари, сайловолди дастурида илгари сураётган устувор ғоялари билан яқиндан танишганимиздан ҳам хурсандмиз.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+