Дўстлик ва яқин қўшничилик йўлида яна бир қадам

22.07.2022 15:07:46

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашувида иштироки ва ундаги нутқи республикамиз ҳаётида унутилмас воқелик бўлиб қолиши шубҳасиз. Чунки мазкур тадбир  таъкидланганидек, минтақамизнинг тинчлиги, барқарорлиги ва фаровонлиги йўлида яна бир қадам бўлди. 

Марказий Осиёнинг умумий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамма вақт қўшни давлатлар ўртасидаги муносабатларга боғлиқ бўлган. Бугун бу масала янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки бир қатор хорижий давлатлардаги нотинчликлар бизни тинчлик йўлида биргаликда ҳаракат қилишга чақирмоқда.

Учрашувда кўтарилган масалалар унда иштирок этган давлатлар учун муҳим.  Мисол учун иқтисодиёт соҳасида кўзда тутилган режалар давлатларни бир бири билан боғлаш баробарида ривожланишга, ишлаб чиқаришда янги марраларга бошлайди.

Экология соҳасида ҳам кўп томонлама ҳамкорлик зарур. Чунки бу масалани ҳар бир давлат алоҳида ҳолда ҳал эта олмайди. Шундан келиб чиқиб Давлатимиз раҳбари  “Бизнинг «Марказий Осиё учун «Яшил» кун тартиби» дастурини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббусимизни қўллаб-қувватлаганингиз учун самимий миннатдорлик билдираман. Ушбу дастур доирасида асосий эътиборни  иқтисодиётни ис газидан холи қилиш бўйича халқаро мажбуриятларни бажариш; муқобил энергетика, энг аввало, сув, қуёш ва шамолдан электр олишни жадал ривожлантириш, электр энергиясини ўзаро етказиб беришни ташкил этиш; сувни тежайдиган ва экологик тоза технологияларни кенг жорий этиш, шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларига қаратишни таклиф этамиз”, дея таъкидладилар.

Албатта бу йўналишда биз у қадар катта натижаларга эришганимиз йўқ. Агар биргаликда иш олиб борилса муаммога ўрин қолмайди. халқимиз учун ҳамма вақт зарур бўлган иқтисодиётни ис газидан ҳоли қилиш, электр энергияси таъминоти ва ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларга чек қўйилади. 

Умуман олганда  Марказий Осиёнинг тинчлиги ва барқарор тараққиёти йўлида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган тадбир ўз олдига қўйган  мақсадига эришди, деб айтиш мумкин. Бу келгусида давлатлар ўртасидаги муносабатларда ўз ифодасини топади.

Мадаминжон Мадазимов,

“Адолат” СДП Андижон вилоят Кенгаши раиси. 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+