Дунё нигоҳида Самарқанд

13.09.2022 16:09:46

Шарқ дурдонаси азим кент - Самарқанд айни кунларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммитига мезбонлик қилиш ҳаракатида. Азал - азалдан илм - фан, маданият ўчоғи бўлган, буюк мутафаккирларни дунёга танитган, турли ғоя ва билимлар қайнаган Самарқандда инсоният тинч ва фаровон яшаш, ўз куч ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бахтли ҳаёт кечириш каби муштарак мақсадлари мужассам бўлган. Шу боисдан ҳам катта туй, минтақанинг энг йирик анжумани – ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиб бораётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити Самарқандда ўтказилаётгани бежиз эмас.

Комил ишонч билан айтишимиз мумкинки, Самарқандда ўтказилаётган ушбу нуфузли саммит энг йирик, самарали ва фойдали битимларга бой бўлган анжуманлардан бири сифатида тарих зарварақларидан ўз ўрнини эгаллайди. Дарҳақиқат, узоқ давом этган пандемия шароитидан сўнг 15 дан ортиқ мамлакат раҳбарларининг бир жойга йиғилиб Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг географик жиҳатдан кенгайишидан тортиб, иқтисодий, ижтимоий, хавфсизлик, тинчлик - барқарорлик ва яна кўплаб масалаларда ҳамкорлигини янги даврга олиб чиқиши кутилмоқда.

Шу азим кентнинг дилбанди сифатида бу нуфузли анжуманга Самарқанднинг танлангани менга беҳад ғурур ва ифтихор бахш этди. Кундан кун чирой очиб, кишида ҳавас, юракларга сурур ва шукроналик ҳисларини бераётган ўзгаришлар, янгиланишлар нафақат вилоятимиз аҳолисига балки чет эллик сайёҳларнинг ҳам ҳайратдан кўзлари порлашига сабаб бўлмоқда. Албатта Ўзбекистон раислигида ўтказилаётган мазкур анжуман ушбу ташкилотга аъзо давлатларнинг келажакдаги тараққиёти, фаровонлиги ва равнақи йўлида хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари эътироф этиб ўтганидек дунёнинг бугунги глобал манзарасини янада ижобий томонга ўзгартиришга, инсониятнинг келгусидаги ҳаётини яхшилашга, мамлакатлар тараққиётида янги давр бошланишига, юксак даражадаги ҳамкорликни ривожланишига мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Энг қувонарлиси, ушбу саммитда кўриб чиқиши режалаштирилаётган 30 дан ортиқ ҳужжатларнинг таг замирида инсон манфаатлари устувор эканлиги яққол намоён. Бу эса ҳар қандай ислоҳот «Инсон қадри учун» эканлигининг яна бир исботи. Биргина, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган давлатлар фаровонлигини ривожлантириш учун Ўзбекистон Республикаси томонидан саноат кооперациясини рағбатлантириш бўйича таклиф этилган дастурнинг қабул қилинишининг ўзидаёқ, иқтисодиётнинг таркибий тузилишида ўзгаришларнинг таъминлаб ишга солинмаган ишлаб чиқариш салоҳиятини юзага чиқариш, иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини яратиш, янги иш ўринларини барпо этиш, бу орқали эса хотин-қизлар ёшлар тадбиркорлигини янги поғонага кўтариш имкониятини яратади.

Анжуман ишига омад тилаган ҳолда, барча азиз меҳмонларга Самарқандга хуш келибсиз деб қоламиз!!!

Муҳиба Бабабекова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+