Элларни ва дилларни боғловчи кўприк

01.03.2024 14:03:24

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳалар ва маҳаллаларда олиб борилаётган ишлар билан танишиш, янги объект ва лойиҳаларни ишга тушириш учун Хоразм вилоятига ташриф буюрди ва учрашувда дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманига бориб, янги кўприкнинг очилиш маросимида иштирок этди.
Бу ташриф ўзининг тарихий аҳамияти билан эсда қоларли бўлди. Сабаби, мустаҳкам ишонч, дўстлик ва ҳамкорлик рамзи бўлган иншоот Қорақалпоғистоннинг Амударё тумани ва Хоразм вилоятини боғлади.
Дунё тамаддунининг қадимий бешикларидан бўлган Хоразмда кейинги йилларда жуда кўп ўзгаришлар бўлди. Давлат раҳбарининг ҳар гал кўҳна заминга ташрифи, бир-биридан муҳим янгиланишларга, яхшиликларга сабаб бўляпти. Катта лойиҳалар рўёбига, бир-биридан муҳим ташаббуслар натижадорлигига хизмат қиляпти.
Ўтган 2020 йил, айни Пандемия шароитида Президентимиз Хоразм вилоятига ташрифи доирасида Амударё устида Хоразм вилоятини Қорақалпоғистон Республикаси билан боғлайдиган кўприк, Қораўзак туманидан Шовот туманигача темир йўл қурилиши бўйича топшириқ берган эди. Тез орада бу хайрли, эзгу ишга бел боғланди. Президентимизнинг ҳар галги вилоятга ташрифида Хоразм ва Қорақалпоғистон аҳолисининг асрий ва азалий орзусини амалга ошириш, уларни узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган бу муаммони тезроқ ҳал қилиш давлат раҳбарининг доимий диққат марказида бўлди. Мана энди одамларнинг асрий орзуси ушалди. Икки соҳилни бирлаштирган, икки халқнинг қалбларини янада мустаҳкамроқ туташтирган кўприк бўлди.
Ҳа, бу кўприк бу ерда яшайдиган инсонларнинг кўп йиллик, асрий орзуси эди. Давлат раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси, мана шу юрт инсонларига бўлган муҳаббати ардоғини рамзи сифатида барпо қилинган мазкур кўприк яна юз йиллар, балки унданда ошиқроқ халқимизга хизмат қилиши муқаррардир. Биз ҳам бу тарихий онларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ҳар икки элни оғирини енгил қиладиган ушбу йирик иншоот одамларга кенг қулайлик яратиш билан бир қаторда ҳудудни иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан ривожланишига кучли импульс бериши шубҳасиздир. Ушбу кўприк халқнинг фаровонлигининг ошишига хизмат қилади. Тарихий таърифларда Амударё - Жайхун дарё, асов дарё, далли дарё, деб таърифланади. Неча-неча ҳукмдорлар чиқиб жиловлай олмаган мана шу азим дарё устига шундай муҳташам кўприкнинг бунёд этилиши учун инсонга мана шу дарёдай қудрат, жасорат, куч керак, албатта. Ўз халқини чин дилдан севган, халқнинг розилиги учун кеча-ю кундуз ҳузур-ҳаловатдан кечиб, жонини аямаётган юртбошимизнинг меҳри туфайли кўз ўнгимизда мана шундай муҳташам бир кўприк бўлиб бўй кўрсатди. Бу йўл нафақат икки элни бирлаштирувчи, балки бизнинг она заминимизда етиштирилаётган бебаҳо неъматларни бошқа давлатларга экспорт қилиш учун бўлган йўлларни ҳам очиб бериши билан эътирофга лойиқдир.
Мен ҳам бу кўприкнинг очилиш маросимини кўриб тўлқинландим, дилим ғурур ва ифтихорга тўлди.
Шундай янгиланишлар, мисли кўрилмаган яхшиланишлардан руҳ олиб, ғурурланиб, фахрланиш билан бирга барчамиз жипслашиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтарган юртбошимизга биз ҳам қўшқанот бўлсак, жамиятнинг ривожланиши янада яхшиланади ва тараққиёт сари янада дадилроқ одимлаган бўламиз.

Шоҳида Холлиева,
Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+