Элни бирлаштирувчи миллат кўзгуси

05.10.2020 17:10:57

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозир дунё аҳолиси 2976 тилда сўзлашяпти. Аҳолиси 35 миллионга яқинлашиб қолган Ўзбекистонда таълим етти тил: ўзбек, рус, қорақалпоқ, тожик, қозоқ, қирғиз, туркман тилларида олиб борилмоқда.

Дарвоқе, тил одамларни бир-бирига яқинлаштирувчи, боғлашга хизмат қилувчи муомала воситаси. Тил ҳар қандай миллатнинг ўзлигини англатувчи асосий омилдир.

Она тилимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, кўп минг асрлик ўтмишга эга. Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк” , Алишер Навоийнинг “Хазойинул Маоний” (Маънолар хазинаси), “Маҳбуб ул қулуб” асарлари соф ўзбек тилида ёзилган ва бугунги кунимизгача етиб келган. Она тилимиз асрлар силсиласида ўз халқи билан бирга кўплаб тарихий жараёнларни бошдан кечирди. Шукрки, истиқлол боис у яна қаддини ростлади.

Ўтган давр мобайнида тилга оид бир қатор қонун ва ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилиндики, буларнинг бари ўзбек тилининг давлат тили мақомини ҳуқуқий жиҳатдан янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Тилни дилга жо этиб чинакам бойитиш ва уни хоҳиш билан ўрганишда адабий ва грамматик ички тартиб қоидаларга риоя этиш даркор. Шуни унутмаслик керакки, ҳар қандай иқтисодий, сиёсий, маънавий ва маданий омиллар тил орқали кечади. Ўз тили ривожланмаган элнинг, миллатнинг руҳида тараққиёт бўлмайди, ўзлигини тўла англолмайди. Ўзбек тилига муҳаббат она Ватанга, ўз халқига, унинг тарихи, анъаналарига бўлган муҳаббатдир.

Тилнинг унутилиши-дилнинг бузилиши, инсоннинг ўзлигини йўқотиши деганидир. Халқни ўз тилидан маҳрум қилиш эса уни халқ сифатида яксон қилиш демакдир. Шунинг учун ҳам ҳар қандай вазият, шароитда ҳам тилнинг ўз қонуниятига амал қилиш лозим.

Дарвоқе, бугун Қарши шаҳридаги савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш уйлари, бозорлар, корхона, ташкилотлар, муассасаларда, давлат тили нормаларига қай тартибда риоя этиляпти? Биз шаҳардаги аҳволни ўргандик. Энг аввало, дўконлар пешлавҳаларидаги ёзувлар айқаш-уйқаш эканлигига гувоҳ бўлдик.  Адабий тил нормаларига риоя қилинмаяпти. Масалан, шаҳарнинг қоқ марказидаги “Марка” супер маркети қошидаги дўкон пештоқига “АDОRA”, “ТРИКОТАЖ” деб ёзиб  қўйилган бўлса, бошқа бир жойда “Двери из России” ёки “STOM-Техника” деган ёзувларга кўзингиз тушади. Ундан кейин  эса  “Кафе”, “Минутка”, деб давом этиб кетади хизмат кўрсатиш шахобчалари номи. Умуман, Қарши шаҳридаги жуда кўп хизмат нуқталарида давлат тили ҳақидаги қонун талаблари қўпол равишда бузилаяпти. Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Оддий йўл ҳаракати қоидасини бузган пиёдага ёки ҳайдовчига нисбатан  маъмурий жавобгарлик белгиланган. Давлат тилига нисбатан нотўғри муносабатда бўлганларга эса ҳеч бир чора кўрилмайди. Шу маънода ўйлаб қоласан киши. Тилнинг ҳуқуқий жиҳатдан қадрини янада кўтариш пайти келмадими?

Бугун баъзи юртдошларимизнинг турли тилларга хос сўзларни билиб-билмай она тилимизга аралаштириб юбораётганлигини кузатамиз. Бу ҳолат табиийки ғалати туюлади.

Ривоят қилишларича, ўз онасини хафа қилган бола ён қўшниси бўлган аёлларнинг сув ташиб келаётганлигини кўриб, уларга раҳми келиб ёрдамлашмоқчи бўлади. Қўшни аёллар эса “Ўз онасини ҳурмат қилмаган боланинг кўмаги керак эмас. Аввал ўз онангни ҳурмат қил, кейин бизга ёрдам берасан”,-дейди. Шу маънода ҳозир урф бўлаётган ўзга тилларни ўз она тилидан ортиқ сўзлаш мақтанишга арзигулик ҳодиса эмас. Шу сабабли ҳам аввал ўз она тилини ўрганиб, кейин бошқа тилларни ўзлаштириш керак.

Партиямиз Сайловолди дастурида алоҳида қайд этилганидек, “Адолат бор жойда тараққиёт бор!”. Шундай экан, ўз она тилимизга бўлган ҳурматни бир лаҳза бўлсада, унутишга ҳаққимиз йўқ.

Айни пайтда 85000 дан ортиқ сўзни ичига олган “Ўзбек тилининг имло луғати”, 130 дан ортиқ миллатга эга Ўзбекистон фуқароларининг она тилимизни ўрганишга қизиқишлари қалбларимизда фахр, ифтихор туйғуларини уйғотади. Она тилимизни ҳар қачондан кўра кўпроқ асрашга ундайди. Зеро, сўзимизда қайта-қайта эътироф этганимиздек, тил-миллат руҳи, миллат кўзгуси. Уни авайлаш ҳар бир ўзбек фарзандининг бурчидир.

                                                          Абдулазиз АБДИЕВ,

                                 Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши

                                 раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+