Энг олий неъмат - хотиржамлик ва сиҳат- саломатликдир

20.10.2022 17:10:19

         Халқимиз буюк тарихий маданиятга эга эл сифатида қонун ва тартибларга, айниқса, жамоатчилик тартибига риоя этади. Бироқ сўнгги йилларда айрим ташвишли ҳолатлар ҳам кўзга ташланмоқдаки, бу ҳақида ортиқ жим туриш мумкин эмас. Бугун ижтимоий тармоқлар ҳаётимизга жадал суръатда кириб келиб, шунчалар тез сингишиб кетдики, ундаги жараёнлар кўп ўринда бизнинг маънавий-ахлоқий қиёфамизни белгилаб беряпти.

      Тиббиёт шундай соҳаки, унга дахлдор бўлмаган инсоннинг ўзи йўқ. Ҳаммамиз ҳам иссиқ жонмиз, тиббиёт муассасаларига кунда-кунора мурожаат қилмаган кишини топиш қийин.

       Тиббиёт соҳаси вакилларига, ходимларига нисбатан куч ишлатиш (тажовуз) ҳолатлари ҳам учраб турибди. Энди тиббиёт ходимлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашган, уларнинг ишига тўсқинлик қилган ҳамда тажовуз кўрсатган кимсаларга нисбатан қонунчиликда алоҳида маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди. Ўзбекистонда “қонун – устувор, жазо – муқаррар” эканини ҳеч ким эсидан чиқармаслиги керак.

     2022 йил 14 октябрь куни Қашқадарё вилояти Ғузор тумани тиббиёт бирлашмасида анестезиолог-реаниматолог бўлиб ишлаб келаётган 57 ёшли шифокор калтакланди. Т.Ҳамроев 32 йилдан буён Ғузор тумани тиббиёт бирлашмасида ишлаб келган.

      Вилоят ССБ берган маълумотга кўра, ўша куни бўлимга 1970 йилда туғилган Д.О. исм-шарифли бемор олиб келинган. Унга гипертония ташхиси қўйилиб, тезкор тиббий ёрдамга киришилган. Соат 21:00 лар атрофида даво муолажалари давом этаётган пайтда жараёнга халақит бераётган беморнинг 25 ёшлар атрофидаги ўғли ва жабрланувчи шифокор Т.Ҳамроев ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Оқибатда беморнинг ўғли шифокорга мушт кўтарган. 

       Маълум қилинишича, шифокорга «бош мия шикастланиши, бош мия чайқалиши, бурун суягининг очиқ синиши, бурун асоси эзилиб, йиртилган жароҳати, юқори жағ ўнгдан қозиқ тишнинг травматик синиши, иккала қовоқ-бурун асоси гематомалари» ташхиси қўйилган ва травматология бўлимига ётқизилган. 

        Воқеа юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

        Шунингдек, умрининг нимчорак қисмини ўз касбининг фидойиси бўлиш учун ўқишга сарфлаган шифокорларга нисбатан қилинаётган шавфқатсиз муносабатдан одамнинг эти жунжикади. Танасидаги оғриқдан халос бўлиш илинжида бемор шифокор ҳузурига келса-ю, лекин шифокорнинг ўзини ярадор қилиб кетса, буни қандай баҳолаш мумкин ахир? Афсуски, бизда бундай тажовузларни ҳам оқлашга уриниш кўринмоқда.

       Жамиятда барқарорликни таъминлаш ҳар қандай ислоҳот учун устун, асосдир. Буни унутмаслигимиз лозим. Фақат барқарор, тинч, халқ ва давлат уйғунликда мавжуд бўлган жамиятдагина ислоҳот, янгилик, тараққиётга интилиш каби мақсадлардан маъно топса бўлади.



"Адолат" СДП Қашқадарё вилояти матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+