Ер ажратишнинг янги механизми жорий этилмоқда

09.06.2021 16:06:14

Охирги йилларда, ерларни ажратиш тартиби барча учун бир хил ва ҳаммага очиқ-ойдин бўлмаганлиги сабабли ер ресурсларини талон-торож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний сотиш ҳолатлари деярли республикамизнинг барча ҳудудларида кўпайиб бормоқда. Бу эса ўз ўрнида аҳолимизнинг ўринли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Ривожланган давлатларнинг аксариятида ер бозор активи ҳисобланиб, унинг иқтисодий қиймати белгиланган, ерни хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи, давлат ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериб келинган.

Республикамизда ҳам ер ажратиш ва ундан фойдаланиш соҳасини тартибга келтириш мақсадида Президентимиз томонидан куни кеча Фармон қабул қилинди.

Фармонда ер участкалари мулк ва ижара ҳуқуқи асосида ҳамда доимий фойдаланиши ҳуқуқи асосида ажратилади.

2021 йил 1 августдан бошлаб мулк ва ижара ҳуқуқи билан ер участкалари хусусий секторга, доимий фойдаланиш ҳуқуқи  эса давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ажратилиши белгиланган. Фармон чиққунгача ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолинади.

Республикамиз бўйича  икки турдаги ерлар мавжуд бўлиб, булар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ва  қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлардир ва уларнинг ажратилишида шаҳар ва туман ҳокимларнинг қарорлари асосида ажратилар эди. Фармон билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши белгиланди.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар эса мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши белгилаб қўйилган.

Фармонда Вазирлар Маҳкамаси 2021 йил 1 августдан бошлаб, истисно тариқасида, фақат қуйидаги ҳолларда ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага беришга ҳақли, қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий-тадқиқот ва тажриба синовлар амалга ошириш учун давлат илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига , агросаноат кластерларига, ер участкаси норматив қийматининг икки баравари миқдоридаги пул маблағи депозитга қўйилганда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимининг таклифига асосан, қуйидагиларни қайд этиш жоиз.

Энг яхши таклифни танлаш орқали аниқланадиган, қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентида  бўлган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун - лойиҳа қийматининг камида 10 фоизига тенг маблағ аввалдан махсус ҳисоб рақамга жойлаштирилганда, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга - ижарага олиш ҳуқуқини олганлик учун бозор қийматида ҳақ тўлаган ҳолда  амалга оширилади.

Азалдан ер ажратиш жуда қалтис масала бўлиб келган, шунинг учун Президентимизнинг қабул қилинган Фармони чуқур таҳлиллар асосида ишлаб чиқилиб қабул қилинган, бозор иқтисодиётида бозорнинг қоидаларига риоя этилмаса ривожланиш бўлмаслиги барчага аён.

Фармон талабларини бажариш учун барча мутасадди раҳбарлар адолатли ва сидқидилдан ёндашиши талаб этилади. Бунда депутатлар ҳам фармондан келиб чиқадиган Қонун ва Қонуности ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишда, шунингдек ўзларининг округларида фармоннинг мазмун моҳиятини халқимизга етказишда ўз ҳиссаларимизни қўшишимиз лозим деб ҳисоблаймиз.

 

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+