Эътироф ва эҳтиром

19.05.2021 11:05:02

Баҳодир Болтабоев - Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг ўринбосари сифатида олиб бораётган самарали фаолияти кенг жамоатчиликка яхши маълум. У ўзининг бутун онгли ҳаёти давомида давлат ва жамоат ташкилотларида  меҳнат қилиб, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Намунали оила бошлиғи, тажрибали раҳбар, камтар ҳамда хушмуомалали инсон сифатида кўпчилик ўртасида катта обрў-эътибор қозонган.

Мана, олти йилдирки, Б. Болтабоев вилоятда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси нуфузини оширишга, унинг сафларини кенгайтиришга салмоқли  ҳисса  кўшиб келмоқда. Куни кеча Баҳодир Тошпўлатович олтмиш ёшга тўлди. Шу муносабат билан “Адолат”  СДП вилоят Кенгашида тадбир ўтказилди. 

Вилоят партия Кенгаши раиси  Исроилжон Жўраев сафдошимизнинг босиб ўтган  ибратли йўли  ҳақида батафсил  гапириб берди. Юбилярнинг талабчан  раҳбар, меҳрибон устоз,  малакали мутахассис сифатида  олиб бораётган ишлари эътироф этилди. Шундан сўнг Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдураҳимов йўллаган табрикнома ўқиб  эшиттирилди ва Б.Болтабоевга топширилди. Юбилярга қутлуғ сана муносабати билан сафдошлар ҳозирлаган совға-саломлар ҳам тақдим  этилди.

Вилоят Кенгаши матбуот котиби Нурбек Абдуллаев, Поп, Тўрақўрғон туман, Наманган шаҳар кенгашларининг раислари Зафаржон Ҳасанов, Заҳрохон Аҳмедова,  Мирзараҳмат Олимов ва бошқалар ҳам ўз  дил  сўзларини айтиб, Баҳодир Болтабоевнинг фаолиятидаги ибратли томонларни қайд этдилар.

 - Мен иш бошлаган  дастлабки кунимдан бошлаб Баҳодир акани яхши биламан ва устоз сифатида ҳурмат қиламан, - деди “Адолат” СДП Янгиқўрғон туман кенгаши раиси Раҳимжон Тошматов. –У ҳеч қачон сафдошлардан ёрдамини ва  маслаҳатини аямайди.  Муаммо чиқиб  қолса, дарҳол телефон қиламан. Кўпни кўрган одам эмасми, дарҳол тўғри йўл тавсия қилади. Унинг маслаҳатига амал қилган киши ҳеч қачон кам бўлмайди. Бундай инсонлар сафимизда эканлиги катта ютуғимиз, деб ҳисоблайман. Шунинг учун Баҳодир акага  барча партиядошлар номидан узоқ умр, мустаҳкам саломатлик, оилавий тинчлик ва хотиржамлик ишларида каттадан-катта муваффақиятлар тилайман.

Тадбир пировардида Баҳодир Болтабоев кўрсатилган эҳтиром ва эътироф учун  самимий миннатдорчилик билдирди.       

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+