Фахрийларни эъзозлаш, қадрлаш- уларнинг жасорат ва қаҳрамонлиги эътирофидир

11.05.2021 20:05:39

Мамлакатимиз Президентининг 2021 йил 20 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони ва давлат раҳбарининг "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори кенг жамоатчилик, айниқса, кекса авлод вакиллари бўлган нуроний инсонлар томонидан мамнунлик билан маъқулланди.

Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ одамларнинг ўлимига, ақл бовар қилмайдиган йўқотишларга ва офатларга сабаб бўлди ва инсоният хотирасида ер юзидаги энг даҳшатли ва қонли урушлардан бири бўлиб қолди. 

Кўп миллатли Ўзбекистон халқи  ҳам бу урушда чинакам жасорат ва фидойилик намоён этиб, фашизм устидан қозонилган Ғалабага ўзининг улкан ҳиссасини қўшди. Тинчлик ва озодлик учун олиб борилган аёвсиз жангларда икки миллионга яқин ватандошларимиз қатнашиб, уларнинг 500 мингдан ортиғи қаҳрамонларча ҳалок бўлди.

Шунингдек, уруш йилларида фронтда жон олиб жон бераётган оталаримиз, оға-иниларимизга ёрдам бериш, фронтга зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-яроғ ва бошқа нарсаларни етказиб беришда Ўзбекистон муҳим таъминот марказларидан бирига айланди.

Ўша қийин даврларда ўзбеклар фронт олди ҳудудлардан серқуёш республикамизга эвакуация қилинган 1,5 миллиондан зиёд кексалар, аёллар ва болаларга беғараз ғамхўрлик, бағрикенглик билан ўз уйларидан  бошпана беришди ва чексиз меҳр-муҳаббат кўрсатишди.

Ўзбекистон халқи кўрсатган жасорат ва матонат, олижаноблик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик, шунингдек юксак маънавият қалбимизни чуқур ғурур туйғуси билан тўлдиради, фарзандларимизни ватанпарварлик ва буюк аждодлар анъаналарига садоқат руҳида тарбиялашга илҳомлантиради.

Шу сабабли, мамлакатимизда тажовузкор ва ёвқур кучларга қарши аёвсиз курашда енгилмас ирода ва матонат кўрсатган, тинчлик ва фаровонлик йўлида жонини фидо қилган жасур ватандошларимизнинг муборак хотирасини қадрлаш, хотирлаш яхши анъанага айланди. 

Мамлакатимизда умумхалқ байрам - Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлаш мақсадида, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабага муносиб ҳисса қўшган, мустақиллик йилларда хизмат вазифасини бажаришда ҳалок бўлган ватандошлар хотирасини абадийлаштириш, барча фахрийларга ҳурмат-иззат кўрсатиш мақсадида  9-май - Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш Дастури тасдиқланди.

Дастурда "Хотира бор экан - миллат барҳаёт"  ва «Эътибор ва ғамхўрлик - инсоний бурч» шиорлари остида бир қатор тадбирларни ташкил этиш ва юксак савияда ўтказиш кўзда тутилган.

Дастур доирасида тегишли вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотлар ва ҳарбий қисмларнинг раҳбарлари, масъуллари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат пайтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва ички ишлар идоралари ходимларининг уйларига ташриф буюришди.

Шунингдек, Иккинчи Жаҳон Урушининг ёлғиз ва кам таъминланган иштирокчиларининг уйлари ва яшаш жойларини таъмирлаш ва ободонлаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир иштирокчиси ва ногиронига парвариш қилиш, тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида мамлакатимизда доимий равишда патронаж хизмати ташкил этилган.

Ушбу Президент фармони билан Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 12 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти белгиланди. Шунингдек, уларга пул мукофотларидан ташқари, уларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистондаги курортларга бепул йўлланмалар берилади.

Республикамизда карантин талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда Ватан ҳимоячиларига бағишланган учрашувлар ва маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

Таълим муассасаларида "Жасорат, бурч ва садоқат" дарслари ўтказилмоқда. Уруш ва меҳнат фахрийлари дафн этилган жойларни ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти фахрийларининг қаҳрамонликлари ҳақида ҳикоя қилувчи "Хотирага ўйиб ёзилган тарих" китоби яратилмоқда.

Жорий йилнинг 30 апрель куни "Иккинчи жаҳон уруши Марказий Осиё халқлари тарихи ва хотирасида: воқеалар, иштирокчилар, рамзлар" мавзусида конференция бўлиб ўтди. Бундан ташқари, уруш йилларида Ўзбекистон халқининг жасорати, матонатини улуғлайдиган "Уруш хотиралари" мавзусидаги ижодий ишлар танлови ўтказилмоқда.

Ушбу тадбирларнинг барчаси ватандошларимиз - уруш қатнашчиларига бўлган ҳурматимиз, эътирофимиз ва уларнинг жасоратларини абадийлаштиришга бағишланган.

Кўп мамлакатларда бўлгани каби, мамлакатимизда коронавирус пандемияси давом этаётган шу кунларда республика раҳбарияти уруш ва меҳнат фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, нуронийларимизни, кексаларимизга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатмоқда.

Инсонпарварликнинг юксак тамойиллари асосида шаклланган ёшлар кекса авлод вакилларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларни қадрлаш мустақил Ўзбекистон сиёсатининг асосий йўналишларидан бири эканлигини яхши биладилар.

Баҳром AБДУҲАЛИМОВ.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг вице-президенти,

тарих фанлари доктори, профессор

 

 

Манба: "Правда Востока" 94-сон (29598, 2021 йил 10-май)

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+