Фаннинг “муҳим” ва “номуҳими”

28.04.2021 16:04:27

Бундан беш йилларча аввал Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилиши билан миллий тилимиз нуфузини ошириш, алифбо ва имло қоидаларини ислоҳ қилиш кун тартибига чиққанди. Ўтган давр мобайнида турли баҳс-мунозаралар тингани йўқ. Аммо ҳанузганча амалий ишга ўтилмагани кишини ўйлантиради.

Бу борада адабиётшунос олимнинг фикрларини келтириб ўтиш жоиз деб ўйлайман. “Ингилиз тили, жисмоний тарбия, мусиқа ўқитувчиси алоҳида устама ва имтиёзлар билан бошқа касбдошларидан мумтоз этилади. Она тилига, негадир, бундай мурувватимиз йўқ”.

Дарҳақиқат, бошқа фанларни камситмаган ҳолда айтиш жоизки, она тили, адабиёт, тарих илмлари миллий ўзликни ёшлар қалбига сингиришда муҳим аҳамият касб этади. Аммо ушбу фанлардан сабоқ берадиган педагоглар эътибордан четда қолаётгандек. Ёшларни имло, саводхонлик борасида тобора “ўтмаслашиб” бораётганидан нолиймиз. Кўпчилик ўқувчиларнинг бадиий адабиётдан узоқлашиб кетгани ҳам ҳақиқат. Истаган боладан сўранг, Амир Темур Самарқандни қачон пойтахт сифатида танлаганини билармикан? Шу ҳолга келиб қолганимизга нима сабаб бўлди? Ушбу фанлар ва фан ўқитувчиларига эътибор сусайиб кетгани  эмасми?

Марказдан олис мактабларда дарс бераётган чет тили мутахассисиларига алоҳида имтиёз ажратилади. Тўғри, замонавий фикрларлайдиган, жаҳон ёшлари билан беллаша оладиган авлод тарбиялашда бу муҳим. Аммо ўша устамалар тарих, она тили ва адабиёти фан ўқитувчиларига нега раво кўрилмайди?

“Ўзбек тилидан дарс бериш қийин эмас. Ўқувчиларга китобда берилган асарни ўқитиб, шеър ёд олдириш исталган кишининг қўлидан келади. Ўзбекка ўзбек тилини ўргатиш ҳам иш бўлибдими?”. Бу афсуски, кўпчилигимизнинг дунёқарашимиз.

Дарвоқе, миллийлигимиз сингдирилган фанлар эътибордан четда экан, биз нега ўқувчи-ёшлардан мактаб формасини, кийиниш одобини, муомала маданиятини  талаб қилишимиз керак? Бугун  мактаб формасини кийиб келмаган ўқувчини уйига қайтариб юборишимиз ҳам бежиз эмас-ку!  Ахир, бу каби ҳолатлар марказий мактаблардан тортиб олис мактабларда ҳам кузатилаётгани ҳеч кимга сир бўлаётгани йўқ.

Бу борада  янги ташкил этилган “Тарбия” фани  билан чекланиб қолмаслигимиз керак.

Дилмурод МАҲРАМОВ,

Ўзбекистон "Адолат" СДП Жомбой туман кенгаши Ёш адолатчилар қаноти раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+