Фаолият сарҳисоб қилинди ва устувор режалар белгилаб олинди

01.02.2024 15:02:31

   Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиалида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят Кенгашининг VIII-Пленуми бўлиб ўтди.
   Пленумга Кенгаш аъзолари билан бир қаторда партия фаоллари, депутатлари, бошланғич партия ташкилоти раислари, “Ёшлар қаноти” ва “Аёллар қаноти” етакчилари иштирок этишди. Пленум кун тартибида “Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгашининг 2023 йилга мўлжалланган йўл харитаси ижроси ҳамда келгуси режалар”, “Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши таркибига ўзгартиришлар киритиш”, “Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши Тафтиш комиссияси таркибига ўзгартиришлар киритиш” тўғрисидаги масалалар муҳокама этилди.
   Кун тартибидаги “Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгашининг 2023 йилга мўлжалланган йўл харитаси ижроси ҳамда келгуси режалар” тўғрисида партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутати - Тохир Палвановнинг ҳисобот маърузаси тингланди. Таъкидланганидек, партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши томонидан ҳисобот даврида партиянинг ўнга яқин лойиҳалари доирасида бир қатор ишларни амалга оширишга эришилди. Хусусан, халқ билан юзма-юз мулоқот ўрнатиш мақсадида партиянинг “Юзма-юз” лойиҳаси доирасида барча даражадаги депутатлик гуруҳлари иштирокида жойларга қонунларнинг етиб бориши ва уларнинг ижросини ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, тегишли давлат органларига таклифлар киритиш орқали қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар бажарилди. Партиянинг депутатлари ва фаолларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, “маҳаллабай” ва “фуқаробай” тарзида муаммолар ўрганилди.


   Жумладан, ҳисобот даврида 2023 йил давомида ишчи гуруҳлар томонидан вилоят бўйича 531 та маҳаллаларда халқ билан юзма-юз мулоқотлар ташкил қилинди. Уларда 8123 та хонадон ва 436 та хўжалик юритувчи субъект фаолияти ўрганилди. Аҳоли томонидан келиб тушган 275 та мурожаатнинг 183 таси ижобий ечимини топди. Шу билан бирга 92 та мурожаатлар юзасидан жойида ҳуқуқий маслаҳатлар ва тўғри йўналишлар бериш орқали мурожаатлар ижобий ҳал этилди. Хусусан, Янгиариқ тумани “Чакир” маҳалласи аҳолисининг мурожаатига асосан маҳалланинг 40 ёшдан 70 ёшгача бўлган 571 нафар аёллар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Партиянинг “Адолат” сиёсий-ҳуқуқий ўқувлари куни” лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг сешанба кунлари ҳар бир шаҳар ва тумандаги маҳалла аҳолисини кенг жалб қилган ҳолда сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар ташкил этилди. Унда маҳаллаларда партия фаолларидан шакллантирилган кўнгилли лекторлар томонидан вилоят бўйича жами 298 та сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар ташкил этилди. Уларда 4319 нафар тингловчи қамраб олинди. Ҳисобот даври мобайнида партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш ҳамда партия танилувчанлигини ошириш мақсадида вилоят бўйича жами 891 та тадбир ташкил этилди. Ўтказилган тадбирларда 32175 нафар иштирокчи қамраб олинди. Мазкур тадбирлар Республика телевидениеларида 65 марта, маҳаллий телевидениеларда 103 та, республика матбуотида 41 та, “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасида 35 та, маҳаллий матбуотда 49 та, Республика сайтларида 125 та, “Adolat.uz” сайтида 155 та, маҳаллий сайтларда 141 та, Республика радиосида 18 марта, маҳаллий радиода 43 марта, телеграм каналларда 2207та, Фейсбукда 104 та, Инстаграмда 27 та, жами 3171 та тадбир ва амалга оширилган ишлар ёритилган ҳамда давлатимиз томонидан қабул қилинган қарор ва фармонларга 60 та муносабат берилган.


   Шунингдек, йиғилиш давомида ижобий ишлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлар ҳам танқидий муҳокама этилди. Сессияларга масалалар киритиш бўйича партиянинг Шовот тумани (5 та), Урганч шаҳар (3 та), туман (шаҳар)ларидаги депутатлик гуруҳлари фаол бўлган бўлса, халқ депутатлари Янгибозор (2 та), Янгиариқ (2 та), Боғот (1 та), Хива (1 та), Кўшкўпир (1 та) ва Хонқа, Урганч, Хазорасп, Гурлан, Хива шаҳар, Тупроққалъа (0 та) туман Кенгашлари депутатлик гуруҳлари фаолияти самарадорлиги суст бўлгани, натижада, доимий комиссияларга 63 та, сессияларга атиги 15 та масала киритилгани, 76 маротаба мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилгани, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган партия депутатлари томонидан 190 га яқин депутатлик сўровлари чиқарилгани қайд этилиб, бу кўрсаткич талаб доирасида эмаслиги танқид остига олинди. Партиянинг Урганч шаҳар, Боғот, Урганч, Хива, Шовот, Янгиариқ туман Кенгашлари ўтган даврда партия фаолиятини ёритиш, берилган топшириқларни ўз вақтида бажариш бўйича яхши кўрсаткични қайд этган бўлса, айрим маҳаллий Кенгашлар, жумладан, Хива шаҳар, Гурлан ва Тупроққалъа туман Кенгашларида берилган топшириқлар ижроси ва партия фаолиятини ёритишда фаоллик сезилмагани муҳокама этилди. Шунингдек, йиғилиш давомида партиянинг “Бор меҳримиз сенга, болажон!», “Конституциявий ислоҳотларда ёшларнинг ўрни”, “Бир ойда – бир иш ўрни”, “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” каби лойиҳалари доирасида олиб борилган ишлар хусусида ҳам таъкидланди. Ҳисобот даврида партия томонидан амалга оширилган ишларнинг изчиллик билан олиб борилиши натижасида, партия аъзолари сони 5 446 нафарга кўпайиб, умумий аъзолар сони 52 949 нафарни, бошланғич партия ташкилотлари сони эса 46 тага ўсиб, 363 тани ташкил қилингани қайд этилди.
   Кун тартибидаги иккинчи масалага асосан, Кенгаш таркибига ўзгартиришлар киритилди. Кўрилган масалалар юзасидан музокарага чиққанлар Кенгаш фаолиятини “қониқарли” деб баҳолашди. Кун тартибидаги масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиниб, амалиётга йўналтирилди.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП,
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+