Фаолиятдаги ютуқ ва камчиликлар таҳлил этилди

08.05.2021 14:05:24

Бугун Қашқадарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг V Пленуми бўлиб ўтди. Унда партия вилоят Кенгаши аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, шаҳар, туман Кенгашлари раислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Пленумда Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ижроия қўмитаси ва депутатлик гуруҳининг 2020 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи ҳамда 2021 йилдаги устувор вазифалари ҳақида партия вилоят Кенгаши раиси Руиддин Раупов маъруза қилди.

-Вилоятимиз партия ташкилотлари ўтган йили ўз фаолиятини Президентимизнинг бахтимиз Қомуси қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси, 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси ва партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га мувофиқ олиб борди,-деди Руиддин Раупов.-Албатта, ютуқлар ўзимизники, аммо ўтган йили партиявий-ташкилий ишларда баъзи камчиликларга ҳам йўл қўйилди. Шу нуқтаи назардан, партия фаолларининг асосий диққат эътибори мавжуд камчилик ва муаммоларни ҳамда уларни қандай қилиб бартараф этишга қаратилмоғи лозим.

Нотиқ, муҳтарам Президентимизнинг маърузаларида илгари сурилган фикрлар мазмун-моҳиятига бағишлаб 51 та, “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида 695 та, “Адолат” сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар куни” лойиҳаси ва “Йўл харитаси” асосида 65 та, давлат дастури тарғиботига бағишлаб эса 34 та тадбир ўтказилганини алоҳида қайд этди. Давлатимиз раҳбарининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросига бағишлаб 400 маротаба  тушунтириш тадбирлари ўтказилган.

Анжуманда партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 179 нафар фуқаролар ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилгани, маҳаллий Кенгаш сессияларига 20 та масала киритилгани ва аҳоли мурожаатлари асосида мутасадди идораларга 4500 дан ортиқ депутатлик сўровлари юборилгани маълум қилинди.

Дарҳақиқат, бу йил партия ташкилотлари олдида масъулиятли ташкилий-партиявий вазифалар турибди. Президент сайловида фаол иштирок этиш лозим. Партия тадбирларида барча кучларни сафарбар этиш, ишни пухта ташкиллаштириш, истиқболдаги мақсадларни рўёбга чиқариш ҳар бир Кенгаш аъзосидан фидойиликни талаб этади.

Пленумда партия вилоят Кенгаши бош ҳисобчиси Малоҳат Самиеванинг 2020  йилги Устав фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағларнинг ижроси ҳамда жорий йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари ҳақидаги ахбороти ҳам эшитилди.

Пленумда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

                                                                           Азиз КАРИМОВ,

                                   Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши мутахассиси

    

     

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+