Фарғона - тараққиётнинг ойдин йўлига тушиб олмоқда

15.07.2024 14:07:00

Фарғона  сўлим табиати, кўнгилочар маданият масканлари билан ҳамиша халқимизни лол қолдириб келади. Айниқса, одамларининг меҳнатсеварлиги, муомала маданияти ҳам бошқа вилоятлардан кескин фарқ қилади.  Вилоят  1938 йил 15 январда ташкил топган.  Фарғонадан ўз даврида  дунёга машҳур жуда кўплаб илм-фан, маданият  ва санъат намоёндалари ҳамда мутафаккирлар етишиб чиққан. Шу туфайли ҳам кейинги йилларда  вилоят иқтисодиёти  давлатимиз раҳбари раҳнамолигида  тез суръатлар билан ўсмоқда.  вилоят ҳудудида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш кўрсаткичлари ҳам шу кун талаблари даражасида .    

Мен бир зиёли шу мамлакат фуқароси  сифатида  Президентимизнинг   вилоятни  ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан  яқиндан  танишиш мақсадида  Фарғона вилоятига қилган ташрифлари  ва бир қанча янги лойиҳаларга старт берилганини кузатдим.

Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг  изчил тараққиёти, инсон қадрини улуғлаш  йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самаралари Фарғона вилоятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Водий  аҳли  бугунги кунда ишлаб чиқариш,  саноат, транспорт,  кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, бунёдкорлик,  хизмат кўрсатиш соҳаларида жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилиб,  Янги Ўзбекистонни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқдалар.  

Президентимиз   вилоятга ташрифларини  Олтиариқ туманидаги  минг гектар адирликда ташкил этилган  токзор ва боғларни кўздан кечиришдан бошладилар.  Шу ерда давлатимиз раҳбари   ушбу мажмуани  кўриш асносида  деҳқонлар ва кластер раҳбарлари билан ҳам  суҳбатлашдилар.  Мева-сабзавотчилик ва гулчиликни ривожлантириш бўйича  Президентимизга бир қатор янги  лойиҳалар тақдимот қилинди.  Шундан сўнг Президентимиз  Фурқат туманидаги “Уста Юсуфжон наққош” оилавий корхонасида ҳам бўлиб, миллий ҳунармандчилигимиз ривожига катта улуш қўшаётган  Ўзбекистон халқ устаси Муҳаммадали Юнусовнинг  миллий ёғоч ўймакорлиги борасида қилаётган хайрли ишларига юксак баҳо бердилар.  Устанинг  ишлари серқуёш Ўзбекистонимиздаги  кўплаб мақбара ва янги мажмуаларга кўрк бағишлаганлигини алоҳида қайд этдилар.  Давлатимиз раҳбари мазкур ҳунармандчилигимиз ривожига улкан  ҳисса қўшаётган  оилавий корхона ёнида мактаб ташкил этиш ва  унда ҳунарлар билан бирга аниқ фанларни ҳам чуқурлаштириб ўқитиш муҳимлигини таъкидладилар. Шунингдек, Президентимиз вилоятда  қурилаётган Янги Ўзбекистон мавзесини  ҳам бориб кўрдилар. Давлатимиз раҳбари қайси вилоятга ташриф буюрсалар ҳам, энг аввало, одамлар учун қулай яшаш ва дам олиш шароитлари ва имкониятларни яратишга алоҳида эътибор билан қарайдилар. Водийнинг бетакрор вилояти Фарғонада ҳам худди шундай бўлди.  Одамлар учун  муносиб яшаш шароитлари яратиш, мавжуд ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш   ҳурматли Президентимизнинг  доимий эътиборларида тургани боис ҳам   ҳудудда  бу лойиҳа  амалга оширилди.

Қарийб  300 гектарли  майдонда оз эмас  65 минг аҳолига мўлжалланган 365 та кўп қаватли уйлар  босқичма босқич бунёд этилаётгани ҳар қандай кишининг кўзини қувнатади. Албатта бу кўп қаватли  уйлар 7, 9, 12, 16 ва 25 қаватли бўлиб,  водий  шаҳарсозлигида ўзига хос янгиликдир.

Шуни мамнуният ила қайд этмоқ жоизки, ўз вақтида қилинган хайрли ишлар боис айни пайтда  қад кўтарган   илк уйлар ва боғлар обод аҳоли манзилига айланиб улгурди. Ҳозиргача  2 минг 887 хонадонли 75 та уй фойдаланишга топширилди.  Янги уйларга одамлар кўчиб ўтгани боис янги  Нурафшон маҳалласи ташкил этилди. Бир-биридан шинам ва қулай  уйларга 500 дан ортиқ оила кўчиб келди. Шу ернинг ўзида  иккита мактаб, учта боғча ва поликлиника ҳам  очилди.Бу йил  яна 25 та уй бунёд этилади.Одамларга ҳар томонлама қулай бўлиши учун  замонавий таълим, тиббиёт муассасалари, спорт мажмуаси, савдо ва маиший хизмат  кўрсатиш шохобчалари қад ростламоқда.  

Бу ерда  аҳолини  доимий иш билан  таъминлашга  ҳам алоҳида эътибор бериляпти.  Шу мақсадлар  учун массив ҳудудининг 50 гектарида кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда.Яқин кунларда  озиқ-овқат, тикувчилик, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика, мебелсозлик ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналар иш бошлайди. Ҳозирга қадар  423 миллиард сўмлик 5 та лойиҳа жойлаштирилди. Уларнинг натижасида 700 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

 Дарвоқе,  айни дамда массивни экошаҳар деса ҳам бўлади.  Негаки,  70 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон боғи”, сўлим хиёбонлар, сунъий кўл, тўрт минг ўринли амфитеатр барпо қилинди. Боғ ҳудудига бута ва манзарали дарахтлар экилганлиги  туфайли  ўзгача яшилликка бурканди. Турли аттракционлар ўрнатилган.

Давлатимиз  раҳбари массив бўйлаб юриб, инсон қўли ва ақл заковати ила барпо этилган  сўлим масканни кўздан кечирди. Амфитеатрда қисқа концерт дастури намойиш этилгани ва у сайрга чиққанларнинг кайфиятига  ўзгача хушнудлик бахш этди.

Президентимизнинг  Фарғона вилоятига қилган сафарлари давомида келажакда халқ фаровонлиги учун жуда кўплаб хайрли ташаббуслар амалга оширилиши белгиланди. Буларнинг барчаси сўзсиз халқимиз манфаатига хизмат қилади. Мен бунга ишонаман.


Руиддин Раупов, 
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё 
вилоят Кенгаши раиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+