Фармацевтика соҳасини рақамлаштириш орқали нарх-наво 20 фоизга арзонлаштирилади

28.05.2024 14:05:34

Муносабат

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимида соғлиқни сақлаш соҳаси алоҳида ўрин тутади. Зеро, ҳар қандай мамлакатнинг энг катта бойлиги – халқининг саломатлигидир. Шу боис кейинги йилларда аҳолини дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббий техника билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам комплекс чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, аҳоли ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон ва сифатли фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилаш, тармоқни ривожлантиришнинг ҳуқуқий механизмларини тартибга солишга қаратилган 50 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Аммо таҳлиллар бугун аҳолимизнинг барча қатлами ушбу соҳада яратиб берилган имтиёз ва хизматлардан тўлақонли ва унумли фойдалана оляптими деган саволни сўроқ остида қолдирмоқда. Боиси, айрим қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар соҳада яратиб берилаётган имтиёз ва рағбатни халқни, тадбиркорларни оғирини енгил қилиш учун имконият деб эмас, аксинча, мўмай пул топиш учун қулай вазият деб баҳолаши натижасида баъзи ҳолатларда ҳақли эътирозлар ҳам билдирилмоқда.

Шу ўринда рақамлар таҳлилига қаралса, республикамизда 2018 йилда 10 минг 764 та дорихона фаолияти йўлга қўйилган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 16 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Яъни, дорихоналар сони деярли 40 фоизга ортган. Мамлакатда ўртача 2300 нафар аҳолига битта дорихона тўғри келади.

Бу кўрсаткич хорижий давлатларга қиёсланганда битта дорихона Данияда 18,5 минг, АҚШда 5,3 минг, Буюк Британияда 4,96 мингта, Германияда 3,97 минг, Туркияда 3,36 минг аҳолига тўғри келади. Кўриб турганимиздек, Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич жуда ҳам катта тафовутни ташкил қилиб, дорихоналар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Рақамлар чуқурроқ таҳлил қилинганда дорихоналар сони олис ҳудудларда аҳолининг оғирини енгил қилиш, масофасини қисқартириш учун эмас, аксинча, шаҳар марказларида фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишувлар асосида ташкил этилаётганини кўрсатмоқда.

Бу каби салбий ҳолатларни бартараф этиш ҳамда аҳолининг арзон ва сифатли дори воситаларига бўлган эҳтиёжини тўлақонли таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ҳам бир қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, фармацевтика соҳасида дори воситаларига эҳтиёжни 70 фоизга ички ишлаб чиқарувчилар ҳисобидан қоплаш, доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликларни етиштириш ва кўпайтириш бўйича ҳар йили 25 минг гектар майдонда маданий плантацияларни ташкил этиш режа қилинган. Бундан кўзланган асосий мақсад нафақат янги қувватларни ишга тушириш орқали иш ўринлари яратиш, сифати кафолатланган дори воситаларини ишлаб чиқариш, шунингдек, дорилар нархининг асоссиз оширилишига чек қўйишдир.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган фармацевтика тармоғида эришилаётган натижалар ва истиқболдаги режаларга оид тақдимотда ҳам соҳада эришилган натижалар танқидий таҳлил қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, йил бошидан буён соҳадаги янги лойиҳалар учун 100 миллион доллар арзон ресурс ажратилгани, бундан ташқари, «Асака банк» томонидан 200 миллион доллар жалб қилингани эътироф этилди. Бу имкониятлар натижасида ўтган 4 ойда 30,5 миллион долларлик иккита лойиҳа ишга туширилиб, 160 та иш ўрни яратилди. 1,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 51 миллион долларлик экспорт амалга оширилган.

Аммо, яратиб берилган имконият ва ҳуқуқий кафолатлар таҳлил қилинса ҳали ишга солинмаган имкониятлар бисёр эканлигини кўриш мумкин. Шу боис, йил охирига қадар 400 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 200 миллион долларга етказиш режалаштирилган. 2 миллиард долларлик 147 та лойиҳа бошланиб, шундан 28 таси жорий йилда ишга туширилиши белгиланган. 450 турдаги янги маҳсулотни маҳаллийлаштириш режалаштирилган.

Ушбу режаларнинг амалга оширилиши маҳаллий маҳсулотлар билан ички бозор талабини қондириш даражасини ошириш имконини беради. Албатта, бу жараёнда ишлаб чиқаришни халқаро стандартларга ўтказиш, нарх ва сифат мутаносиблигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Шу мақсадда соҳада рақамлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу йил рақамлаштириш кўрсаткичи 65, 2025 йилда эса 100 фоизга етказилади. Соҳанинг рақамлаштирилиши нафақат тизим шаффофлигини, қолаверса, нарх-навони ҳам камида 20 фоизга арзонлаштириш имконини беради.

Умуман олганда, юқорида белгилаб берилган вазифаларнинг амалга оширилиши, фармацевтика соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолига сифати юқори бўлган дори маҳсулотларини етказиб бериш ва фуқароларнинг тиббий хизматдан фойдаланиш қулайликларини янада оширишга хизмат қилади.

Олтиной МАМИРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
"Адолат" СДП фракцияси аъзоси.

Манба: ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+