Фарзандларимиз таълим-тарбиясига беэътибор қарашга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ

11.03.2021 18:03:17

Ёшларнинг келажакда қандай инсон бўлиб вояга етиши, шахс сифатида камол топиши, касб танлаши аввало, у айнан қандай таълим олиш жараёнига боғлиқ. Шу сабабли юртимизда таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилиш, фарзандларимизнинг дунё андозалари даражасида замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши, кадрлар тайёрлаш сифатини илғор халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борадаги барча эзгу саъй-ҳаракатлар бугун ҳам изчил ва давр талабига ҳамоҳанг тарзда олиб борилмоқда.

Таълим тизимига бўлган эътибор ҳар қачонгидан ҳам юқори. Зеро, энг яхши инвестиция бу келажак авлод учун сарфланган инвестиция ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги мактаблар янги қиёфа касб этиб, янги-янги таълим муассасалари қад ростлаяпти. Уларда ўқитувчи ва ўқувчилар учун барча қулайликлар яратилаётганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Шунга қарамасдан айрим чекка ҳудудлардаги мактабларнинг аҳволи ҳали ачинарли аҳволда бўлиб, моддий техник базаси ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши томонидан ишчи гуруҳ тузилиб,  вилоятдаги барча мактабларнинг ҳолати ўрганилди. Вилоятда жами 550 та умумтаълим мактаблари мавжуд бўлиб, мазкур муассасаларни ўрганиш жараёнида уларнинг қуввати ва қамров имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Очиғини айтиш керакки, барча мактабларнинг ҳам аҳволини қониқарли деб баҳолаб бўлмайди.

Сабаби, ўрганилган мактабларнинг айримларининг бинолари ўтган асрнинг ўрталарида қурилган, иситиш тизими (буржуйка печлардан ҳали ҳам фойдаланилмоқда) яхши ишламайди, ўқув хоналари етишмайди, парталари эски, тоза ичимлик суви йўқ. Эшик ва деразалар қарийиб яроқсиз ҳолга келиб қолган, ҳовли ва йўлакчалари носоз. Энг ачинарлиси айрим мактаблар боғчаларда ёки аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қурилган биноларда, мослаштирилганган хоналарда  ўқув-машғулотлари ўтиб келинмоқда.

Албатта, бу муаммолар бир икки йилда эмас, соҳага етарлича берилмаган эътибор натижасида йиғилиб қолган. Ўрганиш якунида аниқланган мавжуд муаммолар юзасидан маълумот тайёрланиб, мутасадди идораларга тақдим этилди.

Фидойи бўлган ўқитувчилардан натижа, келажак авлоддан эса юксак марраларни забт этишни кутар эканмиз, аввало, уларга етарлича шарт-шароит яратиб беришимиз зарур, назаримда. Таълим тараққиёти юрт истиқболи, келажагимиз эгаларининг етук камоли асосидир. Бу эса ижобий одимлар, саъй-ҳаракатлар салмоғи ва қамровини янада ошириши тайин.

Пўлат ҲАМЗАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+