Фермерлар ерини кластерга айлаништириши - замон талаби

09.02.2021 20:02:06

Бундан 4-5 йил илгари кластер нима эканлиги тўғрисида кўпчилигимизда тушунча мавжуд эмасди. Бугун ушбу атама ва у билан боғлиқ амалиёт мамлакатимиз миқёсида анчагина кенг тарқалишга улгурди, дейиш мумкин.

Аввало, кластер ўзи нима, деган саволга тўхталиб ўтсак. Кластер бу – тўпланиб ишни амалга ошириш. Оддийгина пахтачилик мисолида олиб айтадиган бўлсак, пахта етиштиришдан бошлаб то тайёр хомашё бўлганига қадар босқичларни ўзида жамлайди. Буни нафақат пахтачилик тизимида, балки иқтисодиётнинг барча  тармоқларида жорий этиш мумкин. Мамлакатимиз Президенти бошлаб берган ушбу ташаббус бугунги кунда амалий ҳаётда ўз натижасини кўрсатмоқда. Яъни, кўпгина корхона ва фабрикалар кластерлашган тизимга ўтишни бошлади. Бу тизимнинг афзаллик жиҳатларидан бири шуки, у маҳсулот сифатини оширибгина қолмасдан, етиштириладиган ҳажми бўйича самарадорликни  кўтаради. Бутун бир маҳсулот асносида ягона индустрлашган тизимни ташкил қилади. Авваллари “Ўзпахтасаноат” орқали пахта тўқимачилик корхоналарига етказиб берилган бўлса, бугунги кунда маҳсулот тўғридан-тўғри тўқимачилик корхоналарига келиб тушмоқда. Яъни, пахта далалари ва тўқимачилик корхоналари ўртасида узвийлик юзага келмоқда. Бу келгусида кластерлар сонини янада оширади.

Бугун кластер тизими мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида кенг жорий этилишни бошлади. Аммо бу янгиликка монополлашган тизим сифатида қарайдиганлар ҳам пайдо бўлмоқда. Албатта, гуруч курмаксиз бўлмагани каби тизимни жорий қилишда айрим муаммолар ҳам келиб чиқаётгани сир эмас. Мен ўйлайманки, бу ҳолат вақтинчалик жараён. Негаки, ҳаётимизга кириб келган ҳар бир ижобий янгиликни қабул қилиб, ўрганиб, то ўзимизга сингдирмагунимизча муаммолар келиб чиқиши табиий. Баъзи бир ишни орқага тортаётган фермер хўжаликларини тугатиб, бугунги кунда унинг ўрнига замонавий қулайликларга ҳамда аниқ режали мақсадга эга кластерларни кўпайтириш, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини юқори босқичларга олиб чиқиши шубҳасиз. Юртимиздаги кўплаб фермер хўжаликлари бу тизимни яхши ўрганиб олишса фойдадан холи бўлмайди. Ана шундагина фермерликлар тугатилмасдан балки, янги кластер шаклида сақлаб қолинади. Кластерлашган тармоқ эса ўзига кўплаб мажбуриятларни олган ҳолда иқтисодиётимизни барқарорлаштиради, юқорига ўстиради.

Дарҳақиқат, дастлаб фермер хўжаликлари юртимизда жорий қилинганда уни қабул қилиш, тушуниш ва иш олиб бориш мушкул кечганлигига яқин тарихимиз гувоҳ. Фермерликлар ўз даврида ўзига хос ютуқлари билан қишлоқ хўжалигини ривожлантирган. Замон шиддат билан ривожланаётган бугунги кунда ҳар бир соҳада бўлгани каби иқтисодиёт, айниқса, юртимизда унинг жон томири бўлган қишлоқ хўжалигида даврий ислоҳотларни талаб этади. Ўйлайманки, кластер ҳам секин-асталикда равнақ топиб, ривожланиб, мамлакатимиз иқтисодиётининг бақувват занжирларини ҳосил қилади.

 

Бахром ВАЛИЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+