Фестиваль ғолиблари тақдирланди

03.06.2021 12:06:03

Бир ҳафтадан зиёд Наманган шаҳрида давом этган Халқаро гуллар фестивали ниҳоясига етди. Шу муддат мобайнида олтмишинчи марта ўтказилган мазкур тадбир бутун республикадаги, ҳатто чет эллик нафосат ва гўзаллик мухлисларининг диққат марказида бўлди. Шаҳар марказидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳамда унга туташган хиёбонлар ҳар куни ўн минглаб табиат шайдоларини ўз бағрига олди.

- Олтмишинчи бор ўтказилган фестивалнинг бетакрор гул кўргазмалари, ранг-баранг маданий ва маърифий дастурлар байрам қатнашчиларига олам-олам завқ берди, - дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси Исроилжон Жўраев. -  Байрам ташкилотчилари нафосат айёми давомида боғдаги томошаларга кунига 100 мингга яқин одам ташриф буюрганини билдирдилар. Улар орасида узоқ ва яқин хориждан, мамлакатимиз вилоятларидан келган гул ишқибозлари бор. 31 давлатнинг ахборот агентликлари, кундалик матбуот ва интернет нашрлари, телевидениеси гуллар фестивали ҳақидаги хабарларни дунё бўйлаб тарқатди.

Байрам пировардида гулчилар танлови ғолиблари, шунингдек, тадбирни тайёрлаш ва ўтказишнинг фаол ташкилотчиларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Унда пойтахтдан ташриф буюрган таниқли эстрада хонандалари ҳамда вилоят санъат усталарининг гала-концерти жараёнида мукофот ва совринлар ўз эгаларига топширилди. Хусусан, ўзининг ажойиб кўргазмалари билан иштирокчиларда катта таассурот қолдирган Поп тумани, вилоят Қурилиш бош бошқармаси, Миллий гвардия вилоят бошқармаси ҳамда дизайнер гулчи Обидхон Қодиров олий ўринга муносиб топилиб, “Nexia-3" автомашиналари билан тақдирландилар. Танловнинг  бир қатор номинацияларм бўйича ғолиблари, шунингдек, фаол ташкилотчиларга ҳам қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+