Фидокорона меҳнатнинг муносиб эътирофи

10.11.2020 17:11:02

Мана, қарийб бир йилдирки, коронавирус аталмиш манфур касаллик  бутун дунё миқёсида  кенг тарқалиб, глобал муаммога айланди ва инсоният ҳаётига жиддий хавф солмоқда. Аммо Ўзбекистон халқи шундай оғир шароитда ҳам матонат намуналарини кўрсатди.  Синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, хасталик оқибатларини бартараф этишда минг-минглаб юртдошларимиз ҳақиқий жасорат намойиш этдилар. Улар азалий  миллий қадрият ва анъаналаримизни муносиб давом эттириб, беморларга, пандемия туфайли қийинчиликларга дуч келганларга меҳр-оқибат ва саховатларини аямадилар.

Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари ҳам юксак даражадаги  ҳиммат ва олижаноблик  фазилатларини  улуғлаб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватладилар.  Сафдошларимиз Президентимиз ташаббуси билан бошланган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида фаол қатнашдилар. Ушбу хайрли иш ҳамма жойда бўлгани каби Мингбулоқ туманида ҳам қизғин қўллаб-қувватланди. Бу борада партиядошларимиз намуна кўрсатдилар. Уларнинг фаолиятини “Адолат” СДП туман кенгашининг раиси Раънохон Умарова йўналтириб ва мувофиқлаштириб келмоқда.

Маълумки, яқинда бир гуруҳ юртдошларимиз Президентимизнинг  2020 йил 26 августдаги ПФ-6046-сонли «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига кўра «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирландилар. Жамиятимизда тинчлик-осойишталик, бирлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда фаол иштирок этиб, беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари учун юксак мукофотга сазовор бўлганлар орасида Раънохон Умарова ҳам борлиги эътиборга моликдир. Куни кеча Мингбулоқ туман ҳокимлигида ана шундай инсонлар шарафланди. Биз фидокорона ва жасоратли меҳнати юксак даражада эътироф этилган партиядошимизни чин дилдан қутлаймиз.

– Раънохон мингбулоқлик “Адолат”чиларга етакчи этиб сайланганига кўп бўлгани йўқ, - дейди вилоят партия Кенгашининг раиси Исроил Жўраев. – Лекин қисқа муддат ичидаёқ ўзининг ташаббускор, ташкилотчи ва изланувчан ходим эканлигини кўрсата олди. Халқ депутатлари туман кенгашида бугунги кунда “Адолат” СДП гуруҳи ишлаб турганида ҳам унинг муносиб ҳиссаси бор. Яна бир вакилимиз “Ёшлар парламенти”га аъзо этиб сайлангани ҳам қувончли воқеа бўлди. Пандемия даврида туманда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жуда кўп хайрли ишларни амалга оширди. Бу борадаги меҳнати муносиб баҳоланганидан ҳаммамиз хурсандмиз.

                           Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+