Фракция аъзолари қонун лойиҳасига қандай таклифлар берди?

03.06.2021 18:06:08

2021 йил йил 3 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда дастлаб, “Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Йиғилишда депутатлар томонидан таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида долзарб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, соҳага оид қатор ҳуқуқий ҳужжатлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, замон талабига жавоб бермайдиган, маънан эскирган нормалар бекор қилинди, бюрократик тўсиқ ва ғовлар бартараф этилмоқда. Кўрилган чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди.

Фракция аъзолари томонидан мазкур қонун лойиҳаси ҳам ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг давоми сифатида баҳоланиб, қонун лойиҳасида илгари сурилаётган нормаларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратишди. Лойиҳа билан ташқи иқтисодий фаолият йўналишида, яъни божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш соҳасида қабул қилинган ҳужжатлар талаблари асосида амалдаги Божхона кодексига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, товар ва транспорт воситаларини тегишли божхона режимларига жойлаштириш мақсадида талаб этиладиган рухсатномалар бериш тартиби бекор қилинмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Респубуликасининг туристик салоҳиятини ошириш мақсадида бож олинмайдиган савдо дўконининг учинчи тури киритилмоқда. Яъни, божхона ҳудудига олиб кирилган чет эл товарларини ёки Ўзбекистон товарларини миллий валютада ёки чет эл валютасида чакана ҳолда реализация қилишга мўлжалланган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча бўлиб турган, чет эллик шахслар учун бож олинмайдиган савдо дўкони нормаси киритилмоқда.

Депутатлар шунингдек, товарлар чиқариб юборилгандан сўнг божхона органлари томонидан божхона аудитини ўтказиш тартиби ёритилиб берилаётганини эътироф этишди. Бу орқали божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилганлик ҳолатлари ўрганилиб, тизимда олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишга замин яратилади ва ҳуқуқий асосланган божхона назорати йўлга қўйилади.

Айниқса соҳада қулайликлар яратиш мақсадида божхона расмийлаштируви муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилмоқда ҳамда назорат остида етказиб бериш тартиби “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқлаштирилмокда.

Лойиҳада таклиф этилаётган нормаларнинг қабул қилиниши аввало соҳада қулайликлар яратилиши билан бирга товарларни экспорт ва импорт қилиш жараёнидаги мавжуд тартиботларнинг соддалаштирилишига, божхона қонунчилигини эркинлаштириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. Айниқса, таклиф этилаётган нормаларни қабул қилишда барча учун тушунарли ва турлича талқин қилиш имкониятини истисно этишга, инсофли тадбиркорларни рағбатлантириш ва компаниялар учун янги Ваколатли иқтисодий оператор институтидан фойдаланган ҳолда соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказишга асос яратилади.

Фракция йиғилишида шунингдек, БМТнинг коррупцияга, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ғайриқонуний равишда муомалага киритишга, трансмиллий уюшган жиноятчиликка ҳамда терроризмни молиялаштиришга қарши курашга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Хусусан, лойиҳада Жиноят кодексида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш натижасида олинган мол-мулкни махсус мусодара қилиш тартиби белгиланиб, жиноий жавобгарлик ва санкциялар қилмишнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасига мувофиқлаштирилмоқда. Шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни бошқа шахслар томонидан легаллаштириш, инсайдер ахборотдан фойдаланиш ёки қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг ишлатиш билан боғлиқ ҳолатлар учун аниқ жавобгарлик белгиланмоқда. Депутатлар таъкидлаб ўтганидек, бу каби нормалар аввало адолат нормаларининг таъминланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+