Фракция олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди

20.01.2024 10:01:53

Жорий йилнинг 19 Январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Президентимиз раислигида жорий йил 16 январь куни 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, фракция олдида турган асосий вазифалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 2023 йилда мамлакатимизда иқтисодий ўсиш 6 фоизни ташкил қилди. Жумладан, саноат 6, хизмат кўрсатиш 6,8, қурилиш 6,4, қишлоқ хўжалиги 4,1 фоиз ўсган. Бу йил ялпи ички маҳсулот ҳажмини камида 6 фоизга кўпайтириб, 100 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.


Партия сайловолди дастурида иқтисодий соҳада республикамизда олиб борилаётган макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, иқтисодий ўсиш суръатларини давом эттириш, бюджет ҳамда миллий валютамиз барқарорлигини таъминлаш, банк ва суғурта тизимларини янада мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Шундан келиб чиқиб депутатлар мамлакатнинг бугунги иқтисодий имкониятлари, соҳадаги мавжуд муаммолар ва камчиликлар ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
—Бугунги кундаги энг долзарб масала бу – яширин иқтисодиёт.Чунки хизматлар, қурилиш, саноат соҳаларида катта миқдордаги айланма “соя”да қолмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдиғани Умиров. — Шу сабабли давлатимиз раҳбари яширин иқтисодиёт адолатли рақобатга, ҳалол тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўлаётганини айтиб, қўшимча чораларни кўрсатиб ўтдилар.
Шунингдек, иқтисодий комплекс раҳбарларига ойлик, чораклик ва йиллик самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) жорий этилиши, иш ҳақи ҳам уларнинг ижросига боғланиши, улар бир ҳафта муддатда халққа мурожаат қилиб, режаларини оддий тильда тушунтириши ҳамда ўзига катта масъулият ва жавобгарлик олиши қайд этилган эди.


Вазир ўринбосарларини эса 70 фоиз иши туманда бўлиб, улар вазирлик учун белгиланган KPI ижросини жойида ташкил қилиши, белгиланган режаларга эришиш устидан қатъий назорат ўрнатилиши, вазирлик ва идора раҳбарларининг ҳисоботи ҳар ҳафтада Ҳукумат раёсатида, ҳар чоракда Олий Мажлисда кўриб чиқилиши белгиланганди.


Қизғин мунозаралар давомида Президентимиз томонидан кўрсатиб ўтилган масалалар юзасидан парламент назорати шаклларидан фойдаланган ҳолда фракция фаолиятини янада кучайтириш бўйича бир қатор таклифлар берилди.
Фракция йиғилишида ушбу масалалар юзасидан мунтазам равишда назорат-таҳлил тадбирларини, фракция эшитувларини ўтказиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилиб, бу борада “Адолат” СДП фракцияси олдида турган вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда кун тартибидаги бошқа бир қатор масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+