Фундаментал ҳуқуқ ва эркинлик таъминланади

09.01.2024 11:01:51

Давлатимиз раҳбари томонидан Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш учун кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти. Президентимиз ҳар сафар: “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинлиги таъминланишини назарда тутамиз. Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз”, - деб алоҳида қайд этадилар. Албатта, буни инсон қадрига бўлган эътиборнинг амалий ифодаси сифатида халқимиз ҳаётида тобора мустаҳкам акс этиб бораётганлигини кўришимиз мумкин.


Президентимиз юритаётган халқпарвар сиёсатни халқимиз ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида партиянинг Ғузор туман Кенгаши томонидан туман тиббиёт бирлашмаси тадбиргоҳида “Адолат” СДПнинг “Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” лойиҳаси доирасида “Адолат – инсон қадри учун” мавзусида тадбир ташкил этилди. Депутатлар, хотин-қизлар, партия фаоллари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда халқ депутатлари Ғузор тумани Кенгаши депутати – Нодиржон Саидов маъруза қилди.
— Инсон дунёга келар экан, аввало, у бахтли ва тинч яшашга ҳақлидир, – деди Нодиржон Саидов. – Юртдошларимиз қачон бахтни ҳис қилади? Қачонки, юрти тинч, осойишта, хонадони тўкис, турмуши фаровон бўлсагина. Давлатимиз раҳбари бошчилигида Янги Ўзбекистон дея тараққиёт сари одимлаётган мамлакатимизда йилдан йилга инсон қадри биринчи ўринга қўйилмоқда. Президентимиз томонидан қабул қилинаётган барча қарор ва Фармонлар, энг аввало, юртдошларимизнинг ҳаёт тарзини яхшилашга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан фахрийлар, хотин-қизлар ва партия фаоллари ижтимоий ҳимояга муҳтожлар ҳамиша эътиборда бўлиб, улар учун кенг имкониятлар ва шароитлар яратилаётгани хусусида тўхталиб ўтдилар. Албатта, бунга жавобан шу она юртимизда умргузаронлик қилаётган ҳар бир фуқаро ватан тупроғини асраши, эл-юрт учун астойдил хизмат қилиши зарурлиги эътироф этилди.

Шодмон Эшбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
депутати ёрдамчиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+