Фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда

23.05.2024 11:05:44

ОМҚП депутати Мақсуд Қурбанбаевнинг Хоразм вилояти бўйлаб фуқаролар билан очиқ мулоқотлари ташкил этилмоқда

Депутат Урганч шаҳридаги «Темир йўлчи», «Наврўз», «Зиёкорлар», «Исломобод», «Нурли ҳаёт», «Жинговуз» маҳалларда ҳамда «Замин нонлари» оилавий нон ишлаб чиқарадиган хусусий корхонаси ва 4-сон умумтаълим ўрта мактабида бўлиб, 2024 йилнинг 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори юзасидан фуқароларга батафсил тушунчалар берди. Учрашувда фуқаролар томонидан табиий газдан ажратилган ҳудудлар бўйича янги тарифлар ишлаб чиқариш ёки ушбу ҳудуд лимитларини ошириш таклифлари берилди. «Нурли ҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шерзод Яқубов кўп қаватли уйларни олдидаги болалар ўйингоҳига сунъий газон ётқизиш бўйича  амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Депутат тегишли ташкилот раҳбарлари билан телефон орқали боғланиб мурожаат юзасидан фикрлар алмашилди.

М. Қурбанбаевнинг Хонқа туман Хокими Мурод Давлетов ҳамда туман сектор раҳбарлари билан ҳамкорликдаги хизмат сафари тумандаги «Истиқлол» маҳалласида жойлашган 1-сон касб-ҳунар мактаби биносида ташкил этилган сайёр қабул билан давом этди. Унда фуқаролар томонидан билдирилган соғлигини тиклаш, моддий ёрдам олиш, кадастр ҳамда бандлик масалаларидаги бир қатор муаммолар муҳокама этилди. Хонқа туман кўзи ожизлар жамияти раиси Хайрулло Атажанов ногиронларни зиёратга олиб бориш учун автобус билан таъминлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мурожаат эътиборга олиниб, фуқароларга зиёрат учун автобус ажратилди. «Маданий ер» маҳалласида яшовчи Фарход Ражабов якка тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган лекин баъзи сабабларга кўра, аҳоли томонидан тадбиркорлик фаолияти тўхтатиб қўйилганини билдириб, тадбиркорлигини давом этиши учун амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мурожаат Савдо саноат палатаси, кадастр агентлиги томонидан назоратга олиниб, 15 кун давомида ўрганилиб, хулоса бериш белгиланди. «Пахтагул» маҳалласида яшовчи Малоҳат Сапаева тикувчилик қилиш учун субсидия асосида тикув машинаси билан таъминлашда ва «Моно» марказда тадбиркорликка ўқиши учун амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам эътиборга олинди ва тегишли тушунчалар берилди. Мурожаатларни аксарияти сайёр қабул давомида ижобий ҳал этилди. Ечими муддат талаб этиладиган мурожаатлар юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилиб, назоратга олинди.

Шундан сўнг тумандаги 1-сон касб-ҳунар мактабида туманнинг 44 маҳалла еттилиги ва корхона ташкилотлар вакиллари иштирокида учрашув ташкил этилди. Депутат Мақсуд Қурбонбоев томонидан Қонунчилик палатасида қабул қилинган қонунлар, хусусан, ер участкаларига бўлган мулк ва ижара ҳуқуқини эътироф этишга қаратилган қонуннинг мазмун-моҳияти, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида қилиниши зарур бўлган ишлар, Давлат раҳбари ташаббуси билан қилинган «Сайхунобод» тажрибасини оммалаштириш, истеъмолчиларни ёқилғи энергетика маҳсулотлари билан ишончли тарзда таъминлаш, аҳоли хонадонларида қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатилишини ва энергия тежовчи технологияларни кенг жорий этилишини рағбатлантириш, ёқилғи-энергетика ресурслари нархларини шаклланишини босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтказиш, шу билан бирга Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги ҳақида тушунчалар берилди.

Бир сўз билан айтганда фаолларнинг бу каби саъй ҳаракатлари, фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш билан бир қаторда турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Мулоқотлар давом этади.




Гулистон ЖУМАНИЁЗОВА,
ОМҚП депутати ёрдамчиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+