Фуқаролар тиббий хизматдан ро-зими?

02.06.2021 19:06:47

Мана, бир неча йилдирки, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, одамларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш ва ечимини топиш чораларини кўриш барча даражадаги раҳбарлар қатори депутатлар учун ҳам муҳим қоидага айланди. Парламентдаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов сайлов округидаги учрашувлар жараёнида бу масалага доим алоҳида эътибор қаратади. Ҳар бир кишининг таклиф ва мулоҳазасини эътибор билан тинглайди ва таҳлил қилади. Биронта масалани назардан четда қолдирмайди. Бу, ўз навбатида, сайловчиларга фикрларини эркин ва батафсил баён қилиш имконини беради.

Бу сафар ҳам шундай бўлди. “Умид” – Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги йирик маҳалла фуқаролар йиғинларидан бири ҳисобланади. Бу ердаги кўп қаватли уйларда тўрт мингдан зиёд аҳоли яшайди. Кўпчилик хонадонларда анча вақтдан бери ҳал бўлмаётган муаммолар борлиги ўзаро мулоқот асносида аён бўлди. Масалан, Зиёвиддин Халилов уйида табиий газ йўқлиги учун баллонли ёқилғидан фойдаланади. Аммо уни ўз вақтида етказиб беришмайди. Баъзида баллон келишини бир неча кун кутади. Чунки газчилар истеъмолчилар манфаатидан келиб чиқиб эмас, ўзлари тузган жадвал асосида ҳаракат қиладилар.

Фуқаро Ўсарбек Абдуллаевнинг мурожаати эпилепсия хасталигини даволаш билан боғлиқ экан. Хонзода Абдуллаева иккинчи гуруҳ ногирони. Вақти-вақти билан даволаниб туриши керак. Лекин бунинг иложини қила олмаяпти. Татьяна Сайфуддинованинг шикояти ҳам шу хусусда бўлди. Зарур тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар  рўйхатини яна давом эттириш мумкин.

Бироқ шу ўринда ҳақли савол туғилади. Маҳалладаги ҳар бир хонадонга оилавий поликлиникадан патронаж ҳамширалари бириктирилган. Нега улар фуқароларнинг соғлигидан ўз вақтида хабар олмайдилар? Айнан улар ҳар бир кишининиг ҳолатини ўрганиб, тиббий хизматга муҳтожларни аниқлашлари ва оилавий поликлиникадаги мутасадди шахсларни бундан хабардор этишлари керак эмасми?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоилов бир гуруҳ “Адолат” СДП фаоллари билан биргаликда шаҳардаги 12-оилавий поликлиника фаолиятини ўрганганда ҳам қатор камчиликларга дуч келинди. Коронавирус пандемияси давом этаётган бўлса-да, бу ерда унинг таъсири сезилмаётгандай. Бинога киришда навбатчилик пости ташкил этилган. Стол устида ҳарорат ўлчагич ва антисептик восита турибди. Аммо уни ишлатадиган ҳамшира Мадина Муродхонова иш жойида эмас. Ўнлаб мижозлар поликлиника ичида тиббий ниқобларсиз юрибдилар. Уларни огоҳлантириб, тартибга чақирадиган одамнинг ўзи йўқ. Бу борадаги саволларга бош шифокор Наргиза Алижонова жўяли жавоб бера олмади.

Дарвоқе, олдинроқ Давлатобод туманидаги 1-туғуруқхона фаолиятидаги нуқсон ва камчиликлар ҳақида сўз юритгандик. Булар эса давлатимиз раҳбари яқинда ўтказган видеоселекторда айтилганидай, фуқароларимиз тиббий хизматдан рози эмаслиги белгисидир. Бу, Наманган шаҳрида ўтказилган ўрганишларда ҳам ўз тасдиғини топди. Демак, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари масала билан жиддий шуғулланишларига тўғри келади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

               

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+