Фуқароларни қийнаб келаётган муаммолар жойида ўрганилди

12.03.2021 17:03:03

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Китоб туманидаги “Обиканда” қишлоғи фуқароларининг  муаммолари ҳақида хабарлар тарқалди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Рахматали Рахматов, Ғайрат Хакимов ва бошқа кўплаб қишлоқ  фуқаролари номидан республикадаги тегишли  вазирлик, идораларга ёрдам сўраб қилинаётган мурожаатлар натижасиз қолдириб келинаётганлиги айтилади. Биз фуқароларнинг ушбу шикоятлари ҳақиқатдан хам ўринли ёки ўринсиз эканлигини ўрганиш мақсадида партиямиз фаоллари, депутатлар иштирокида қишлоқ аҳолиси билан мулоқотда бўлдик. Одамларни ўйлантириб келаётган муаммоларга қонуний ечим топишга ҳаракат қилдик.

Дарвоқе, “Обиканда” МФЙ ҳудудидаги  “Обиканда” қишлоғи тоғ адирлари ва дарё ўзанларида жойлашган. Қишлоқдаги 345 та  хонадонга минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Эътиборлиси шундаки, қишлоқ одамларининг асосий даромад манбаи деҳқончилик ва чорвачилик ҳисобланади. Ушбу ҳудудда яшаётган фуқаролар 30 – 35 сотих жойга эгалик қилиб келиб,  лалми  сифатида ер учун арзон солиқ тўлашган. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 март кунидаги 68 – сонли қарорига асосан  эса “Обиканда” қишлоғига шаҳарча мақоми берилганлиги туфайли лалми ерлар ва томорқалар сувли ер ҳисобига ўтиб кетади.  Шу туфайли ҳам аҳоли энди 30 – 35 сотих ерга лалми учун эмас, балки сувли ер учун катта солиқ тўлаши белгилаб қўйилган. Фуқаролар билан юзма-юз мулоқотда аниқландики, масаланинг ана шу томони қишлоқ одамларига ўз вақтида тўғри  тушунтирилмаган.

Биз 30 – 35 сотих ерда уй жой қуриб, деҳқончилик чорвачилик билан шуғулланиб келаётган 15 дан ортиқ оилаларда бўлдик, - деди халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Муқаддас Муродова. – Одамлар билан мулоқотга киришганимизда   кўпчилик қишлоқ фуқаролари илгари лалми ер учун кам солиқ тўлаб келишаётгани, 4 йилдан буён эса олдингига нисбатан  кўпроқ  солиқ ундирилаётганидан шикоят қилишди. Биз қишлоқ одамларини ўйлантириб келаётган жумбоқларни  мутахассислар  ҳамкорлигида ҳар томонлама мукаммал адолатли  ўрганиб, ҳар бир муаммо юзасидан қонуний тушунтиришлар  бердик. Энг асосийси, тушунмовчиликлар оқибатида келиб чиқаётган  аҳолининг норозилиги   барҳам топди.

Масалага қонуний ечим топилганлиги сабабли “Обиканда” қишлоғида умргузаронлик қилаётган юртдошларимизнинг ортиқча сарсон- саргардончиликларига  чек қўйилди.   

Нажмиддин ТЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Китоб туман Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+