Фуқароларнинг мамлакатга кириб-чиқиши соддалаштирилади

02.05.2021 15:05:58

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларининг навбатдаги  39 сессияси бўлиб ўтди.  Мазкур сессияда халқимиз учун мухим бўлган муаммоли масалалар муҳокама этилиб, қарорлар чиқарилди.

Хусусан, депутатлар Тошкент шаҳрида озиқ-овқат таъминотини янада яхшилаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги масалани муҳокама этдилар.  

Сенат томонидан маъқулланган ўсимлик ёғини ҚҚСдан вақтинча озод қилиш тўғрисидаги қонунга кўра сессияда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари иштирокида тегишли  қарор чиқарилиб ижросини назорат қилиш Кенгашнинг доимий комиссиялари зиммасига юклатилди.

Қарорда баён этилишича, Тошкент шаҳар озиқ-овқат таъминоти жамғармаси ҳисобидан ўсимлик ёғининг сотиб олиниш ва сотиш ўртасидаги тафовут, яъни кўрилган зарар миқдори бўйича аниқ ҳисоб-китобларга мувофиқ маҳсулот етказиб берувчилар (тадбиркорлик субъектлари)га субсидиялар кўринишида 2 275,1 млн.сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Маълумки, сўнгги вақтларда ўсимлик ёғи нархининг кескин ошиб бориши халқ орасида турли эътирозларга сабаб бўлаётганди. Мазкур қарор орқали эндиликда пойтахт ҳудудида ўсимлик ёғи нархининг барқарор ушлаб турилишига эришилади.

Шунингдек, айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини аҳолига мақбул нархларда етказиб бериш мақсадида маҳсулот етказиб берувчи нархларининг 30 фоизигача бўлган миқдорини Тошкент шаҳар озиқ-овқат таъминоти жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш учун тадбиркорлик субъектларига субсидиялар кўринишида ажратилиши таъминланиши айтиб ўтилди.

 Кўпчилигимизга танишки,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартиби ислоҳ қилиниб, тартиб таомиллари соддалаштирилган эди. Сессияда мазкур фармон юзасидан мухим қарор қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, мамлакатимизда доимий рўйхатдан ўтган фуқаролиги бўлмаган шахс ҳамда чет эл фуқароларига амалдаги биометрик паспортлари ва яшаш гувоҳномалари ўрнига идентификация ID-карталарни тизимли равишда бериш чоралари кўрилиши маълум қилинди. Мазкур ID-карталар орқали эндиликда юртимизнинг исталган ҳудудида яшаш учун турли қулайликлар яратилишини эътироф этиш жоиз. Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш тизимида фуқароларнинг қабул қилинишини соддалаштириш, ортиқча ҳужжатларни талаб қилмаслик юзасидан бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тизимда коррупцияга қарши курашиш, муҳитини яхшилашга қаратилган тадбирларни изчиллик билан давом эттириш чоралари кўрилиши ҳақидаги қарор ҳам сессия қатнашчиларининг диққат марказида бўлди.

Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссияси зиммасига юклатилди.

 

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+