Ғаллачиликда бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш, халқ фаровонлигининг асосий мезони

19.05.2022 12:05:17

Жорий йилнинг 12 май куни  президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг муҳим босқичига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда президентимиз бугунги кунда жаҳон бозорларида озиқ-овқат нархларининг кун сайин юқори суръатлар билан ўсаётганини қайд этиб, бугун халқаро биржаларда 1 тонна буғдой нархи 400 доллардан сотилаётгани бу эса йил бошига нисбатан 30 фоизга ошганини айтиб ўтди. Бундай вазиятда деди президент нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона ва тўғри йўли бу – фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш эканлигини қайд этди. Айниқса, фермерларимиз ва халқ манфаатларини ўйлаган ҳолда ғаллачиликда бозор механизмларини тўлиқ жорий этишни  пухта ҳисоб-китоб қилинган ҳолда босқичма-босқич амалга ошириш кераклигини таъкидлади президент Ш.Мирзиёев.

Дарҳақиқат, сўнги вақтларда хорижий мамлакатларда бўлаётган сиёсий ҳолатлар таъсирида жаҳондаги иқтисодий вазият бирмунча беқарорликни келтириб чиқармоқда, жумладан, озиқ-овқат нархлари кескин кўтарилиб кетмоқда. Албатта, жаҳонда юзага келган глобал танглик Марказий Осиё давлатлари ҳамда Ўзбекистонга ўз таъсирини ўтказмай қолмаябди.

Маълумки, иқтисодиётнинг асосий негизларидан бири бўлган денгиз йўлига чиқиш имкониятига эга бўлмаганлигимиз, шу билан биргаликда савдо-сотиқ алоқаларини олиб боришимиз мумкин бўлган  атрофимиздаги аксарият давлатлар Ғарб давлатлари санкцияларига дучор бўлишгани ҳам зарур чоралар олиб бориш лозимлигини кўрсатмоқда.

Ушбу кескин вазиятда иқтисодиётнинг барқарорлигини сақлаш ва юксалтириш учун президентимиз томонидан ғаллачилик ислоҳотларининг амалга оширилаётганлиги озиқ-овқат соҳасида ўзининг ижобий самарасини бериши шубҳасиз.

Биринчи навбатда фермерларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши уларнинг меҳнат унумдорлиги ошишига сабаб бўлади. Шунингдек, фермерлар томонидан етиштирилаётган дон маҳсулотларининг бозор қонунлари асосида сотувга қўйилиши нафақат фермерлар, балки аҳоли  учун ҳам бирдек манфаат олиб келади.

Шу ўринда айтишимиз мумкинки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами жудаям кенг ва шиддат билан амалга оширилмоқда. Жумладан, ғаллачилик соҳасида олиб борилаётганлиги эса глобал миқёсда бўй кўрсатаётган очликнинг мамлакатимизни четлаб ўтишига доир муҳим қадам ҳисобланади ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги амалга ошириши лозим бўлган ўзгаришларнинг амалий кўринишидир. 

Абдулазизхон Очилхонов

“Ёш адолатчилар” қаноти фаоли

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+