Ғамхўрликдан мамнунмиз

20.04.2021 12:04:20

Ўзбекистонни ҳақли равишда ёшлар мамлакати деб аташади. Улар юртимизнинг ҳар томонлама тараққий топиши, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида етакчи куч эканлиги ҳаммага маълум. Шунинг учун  Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг  устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада ўнлаб қонунлар, қарор ва фармонлар қабул қилинганлиги, уларнинг ижроси қатъий назоратга олинганлиги фикримиз далилидир.

Мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, бугунгача парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.

Президентимиз яқинда  ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳам шу ҳақда гап борди. Ëшлар учун яратилган имкониятлар, улардан фойдаланишнинг аҳволи танқидий руҳда таҳлил этилди. Бу, албатта, барча қатори Наманган шаҳрида янги ташкил этилган Давлатобод тумани ёшларини ҳам янги марраларга руҳлантирмоқда. Кейинги кунларда бир қатор корхона, ташкилот ва маҳаллаларда бўлдим. Ҳамма ерда аҳоли вакиллари мамлакатимизда навқирон авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрликдан миннатдор эканликларини изҳор этмоқдалар. Шу аснода тенгдошларимизнинг   жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиши учун зарур шароитларни яратиб бериш вазифасини уддалаш чоралари кўрилмоқда.

Мен ўзим ҳам Президентимиз томонидан айтилган фикрларни қайта-қайта ўқидим. Ижтимоий тармоқларда билдирилаётган мулоҳазалар билан танишиб бормоқдаман. Ҳамма бундан буён ёшлар масаласига жиддий қараш кераклигини қайд этмоқда. Айрим раҳбарларнинг ўз вазифасини бажармагани учун ишдан олингани албатта, ўша жойлардаги ҳолат оғирлигидан далолат беради. Лекин бошқа иложи ҳам йўқ-да... Фурсат ўтиб бормоқда, белгиланган вазифалар уддаланмаса, топшириқлар адо этилмаса, нима қилиш мумкин?

Эътиборли жиҳати шундаки, йиғилишда тенгдошларимиз билан ишлайдиганлар учун яна бир қатор имтиёзлар берилиши маълум қилинди. Масалан,  энди “Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизнинг бандлигини таъминлаган тадбиркорларга давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилади. Ёки ходимлари сонининг камида 70 фоизи “ёшлар дафтари”га кирган ёш тадбиркорларга давлат мулки аукционсиз берилади ва улардан 5 йил давомида ижара ҳақи ундирилмайди.

Йиғилишда келгусида ёшларга яна бир қатор  имтиёзлар жорий этилиши маълум қилинди. Хусусан,  IT-марказларни битирган  ва айни пайтда «Ёшлар дафтари»да турганлар  келгусида бизнес бошлаши учун компьютерлар билан таъминланади. Бунинг учун, «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида сертификат олганларга  «Микрокредитбанк», «Алоқабанк» ва «Халқ банки» кредитлар ажратади, уларнинг фоиз харажатлари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади (яъни, кредит фоизсиз берилади).

Фақат бугина эмас. Шу йил 1 июндан бошлаб, «Ёшлар дафтари»га киритилганларга ва “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилади. Шунингдек, «Ёшлар дафтари»га кирганларга, қизиқишидан келиб чиқиб, хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатининг бир қисми қопланади. Қисқаси, шу каби харажатлар учун йил давомида қўшимча 100 миллиард сўм ажратилади.

Президент Шавкат Мирзиёев  видеоселектор йиғилишида жойлардаги муаммоларни аниқ мисоллар билан айтиб ўтди. Масалан, Андижонда 80 минг нафар ишсиз ёшдан биринчи чоракда 35 минг 600 нафарининг бандлиги таъминланган, шундан бор-йўғи 5 мингга яқини доимий ишларга жойлаштирилган. Ваҳоланки, бугунги кунда вилоятда саноат корхоналари ва кластерларда 7 мингта доимий вакант иш ўринлари мавжуд.

Худди шу каби, ишсиз ёшларни касб ва тадбиркорликка ўқитишда ҳам муаммолар бор. Косонсойда 4,5 минг нафар ишсиз ёшларнинг 31 нафари, Наманган туманида 3,6 минг нафардан 47 нафари, Тахтакўпирда 1,3 минг нафардан 45 нафари ўқитилган, холос. Бу албатта,  соҳага масъул шахсларнинг совуққонликка йўл қўйганлиги, вазифасини бажармаганлиги оқибатидир. Шунинг учун ҳам Президент ҳокимларнинг ёшлар бўйича ҳар 15 кун, 1 ойда нима ташаббус кўрсатганига қараб фаолиятига баҳо берилиши, шунга қараб ишда қолиш-қолмаслиги ҳал этилишини таъкидлади.

Юқорида айтилган фикрлардан давлатимиз раҳбарининг навқирон авлод келажаги ҳақида қанчалик қайғураётгани кўриниб турибди. Биз ёшлар ҳам бунга жавобан астойдил ўқишимиз ва меҳнат қилишимиз, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишимиз даркор. Айни кунларда жойларда ўтказилаётган тадбирларда шу ғояни олға сурмоқдамиз.

Рустамхон КОТИБОВ,

“Адолат” СДП Давлатобод туман кенгаши раиси, Ёшлар парламенти аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+