Ғишт ўзимизники бўлса, уйимиз тез битади

05.05.2021 11:05:13

Қурилиш материаллари, уй жиҳозлари, маиший хўжалик моллари, кийим-кечак ва озиқ-овқат аҳоли энг кўп харид қиладиган товарлардан. Уларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш осон ва арзон. Қолаверса, бу йўналиш қишлоқларга саноат кириб бориши, одамлар иш билан таъминланишида ҳам муҳим омил эканлиги бугун барчамизга аён ҳақиқат.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 30 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида  шу каби масалаларга эътибор қаратилди. Ҳудудларда маҳаллий саноатни ривожлантириш чора-тадбирларининг  муҳокамаси ўрин олган мазкур видеоселекторни кузатар эканман, қишлоқданми ёки шаҳардан уй қурмоқчи бўлган инсон дуч келадиган долзарб муаммолар тилга олинганига амин бўлдим. Нафақат жисмоний шахслар балки қурувчи-пудратчи ташкилотлар ҳам уй-жой қурилиши билан боғлиқ айни масалаларда тўсиқларга  дуч келаётганини кўришимиз аниқ. Металл маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона раҳбари ва тадбиркор  сифатида айтишим мумкинки сўнгги уч йилда мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 бараварга ошган. Лекин, маҳсулотлар ҳажми ва турлари ҳали ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаётгани йўқ. Шунингдек, кўплаб уй-жойлар, завод ва корхоналар, ижтимоий объектлар қурилмоқда. Булар ҳам қурилиш материаллари, турдош маҳаллий саноат маҳсулотларига талабни оширади.  

Йиғилишда Президентимиз томонидан бу борадаги ишларни “ички талабни ўрганиш – импортни таҳлил қилиш – ресурс базасини аниқлаш – янги лойиҳалар ишлаб чиқиш” занжири асосида ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 24 та туманни қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш таклифини қўллаб-қувватлади. Муҳими молиявий кўмак борасидаги маълумотлар ҳам очиқланди. 24 та туманда инфратузилмани яхшилаш учун бюджетдан қўшимча 400 миллиард сўм, геология ишларини амалга оширишга 100 миллиард сўм маблағ ажратилиб, қурилиш материаллари тармоғида умумий қиймати 5 миллиард долларлик мингдан зиёд янги лойиҳалар шакллантирилиши орақали 25 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш  режалаштирилгани маълум қилинди. Уй-жой ёки бино қуришда ҳом ашёни етказиб бериш масаласига чек қўйилиши аниқ бўлди. 

Президент томонидан бу борада энг самарали йўл – туман ё шаҳарга кириб келаётган импорт таркибини таҳлил қилиб, шу маҳсулотларни ҳудуднинг ўзида ишлаб чиқариш эканлиги алоҳида таъкидланди. Чунки Ғишт ўзимизники бўлса, уйимиз тез битади.

 

Гўзал ТОЖИМИРЗАЕВА,

“WANG DA  GROUP”  Ўзбекистон-Хитой

 қўшма корхонаси директори

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+