Глобаллашув жараёнида билим эгаллаш учун шароит ҳам яхши бўлиши зарур

16.03.2021 14:03:18

Юртимизда таълим тизими чин маънода халқ ҳаракатига айланди, десак муболаға бўлмайди. Ана шу ҳаракатнинг амалий ифодаси сифатида сўнгги икки йилда 600 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобидан 80 га яқин янги мактаб қурилди. 2000 дан зиёд мактабда қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари бажарилди.

Шундай бўлса-да, мамлакатимизда ҳали аҳволи оғир, таъмирталаб мактаблар сони кўплиги барчамизни безовта қилиши шубҳасиз. Хусусан, бошқа вилоятлар қаторида бундай мактаблар вилоятимизда ҳам борлиги ачинарли ҳолдир.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳамда партиянинг Шеробод туман Кенгаши вакиллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳи томонидан аҳволи оғир мактабларни ўрганиш жараёнида Шеробод туманидаги 30-умумтаълим мактаби биноси кўздан кечирилиб, ўқув муассасасидаги муаммо ва камчиликлар ўрганилди.

Аниқланишича, тумандаги “Ҳакимобод” маҳалласида жойлашган 30-ўрта умумтаълим мактаби 1964 йилда дала шийпони сифатида қурилган бўлиб, ўтган асрнинг 70-йилларида  бино мактаб типига айлантирилганлиги, мактаб биноси деярли замон талабига жавоб бермайдидан, ўта таъмирталаб аҳволдалиги маълум бўлди.  Ўқув даргоҳи 240 ўринга мўлжалланган  бўлса-да, ўқувчилар сони 441 тани ташкил этади. Ҳудуд  девор билан ўралмаган. Мазкур мактаб Шеробод канали  ёқасида жойлашганлиги сабабли,  ер ости сувлари  кўтарилиши оқибатида бино деворини зах босган,  пол қисмлари яроқсиз ахволга келиб қолган.

Илёс Қаюмов,  Шеробод туман 30-умумтаълим мактаби директори:

Мактабимизда айни пайтда 441 болага 54 нафар устоз сабоқ беради. Жумладан, бошланғич синфларга мўлжалланган 80 ўринли бинода синф хоналари етишмаслиги сабаб тўртинчи синфлар юқори синфлар биносида ўқишади. Мактабнинг ҳолати ўқитувчилар ишчанлиги, кайфиятига ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани яққол сезилади. Айрим фанлар бўйича етишмаётган ўқитувчилар ўрнига яхши мутахассисларни таклиф этдик. Оз вақт ишлаб шароит йўқлигидан кетиб қолишяпти. Ҳозир ҳам инглиз ва рус тили, аниқ фанлар бўйича ўқитувчилар етишмайди. Ҳеч ким бу мактабга келишни хоҳламаяпти. Ўқувчи ва ўқитувчиларга шароит яратиш мақсадида тегишли идораларга бир неча бор мурожаат қилдим. Навбатдаги ўқув йили учун мўлжалланган инвестиция дастурига киритиш ҳақида туман халқ таълими бўлимига расмий хат билан чиққанман. Назаримда, улар ҳам бундай сўров билан юқоридан ижобий жавоб олишолмаган. Барибир шундай аҳволдаги мактаб бу йил ҳам негадир дастурга кирмай қолди. Ички имкониятлардан келиб чиқиб, умуман яроқсиз бўлиб кетган эшикларни алмаштирдик, айримларини ямадик, тутқичлар ўрнатдик. Мактаб орқасидаги ташландиқ ерда ҳашар йўли билан спорт майдони қилдик. Хуллас, эскини эплаб, эсимиз кетяпти. Ромларнинг ойналарини артишнинг иложи йўқ, чунки тозалаётганда умрини аллақачон ўтаб бўлган ҳаддан ташқари катта ромлар пастга қулаб, ойналари чилпарчин бўляпти. Ҳавонинг иссиқ кунларида айрим синфларда ўқитувчилар деразаларни очишга қўрқишади, чунки чириб, узилиб тушишга келиб қолган. Полларнинг аҳволини айтмаса ҳам бўлади. Мактаб раҳбарлари ва маҳалла фаоллари ҳамроҳлигида синф хоналарини кўздан кечирилганда рус тили, биология хоналаридаги ленолиумлар йиртилиб, остидаги шағалу қумлари чиқиб кетганлиги, қолган синфларда ҳам аҳвол шу эканлиги аниқланди.

Мактабни ўрганишларда давом этаркансиз, шу ўринда эртанги кунимизнинг эгалари бўлмиш ёш йигит-қизлар чанг кўтарилган ҳаводан нафас олиб дарсга қатнашадими, деган ҳақли савол ҳам пайдо бўлди.

Мактабда компьютер жамланмалари, интернет тармоғи, лаборатория хоналари, ошхона, фаоллар зали ҳамда спорт зали умуман мавжуд эмас. Мактабнинг қозонхона-иситиш тизими ишдан чиққан. Мактаб дарвозаси ўрнатилмаган, кўмирхона, қоровулхона ҳам қурилмаган.

Шу ўринда айтиш жоизки, бугунги шиддат билан ривожланаётган замон ҳар биримиздан доимо изланиб, ташаббус кўрсатиб, янгича ишлашни талаб этмоқда. Кўзлаган мақсадларимизга эришиш учун, мактабнинг ҳам, унда фаолият олиб бораётганларнинг ҳам масъулиятини оширадиган вақт келди, деган фикрларни ҳар кун эшитяпмиз. Бугунги кун ўқитувчиси, тарбиячиси, педагоги таълим ва илм-фан соҳасидаги энг сўнгги ижобий янгиликларни ўқув жараёнларига татбиқ эта олиши зарурлиги, шу билан бирга, улардан чуқур билим ва дунёқараш эгаси, бир сўз билан айтганда, замонамиз, жамиятимизнинг энг илғор вакиллари бўлиши лозимлигини бот-бот такрорлаяпмиз. Аммо, етарли даражада шарт-шароитга эга бўлмаган, ҳаминқадар кун кечираётган мактабларда фаолият юритаётган ўқитувчи -устозларга мукаммал шароит яратиб бериш вақти келмадимикан!? Бу ҳақда чуқур, виждонан ўйлаганда, қилиш  керак бўлган ишлар, ҳали кўплигини ҳис этасан киши..

 

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+