Ғолибамиз яна бир бор шарафланди

10.12.2023 14:12:21

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасидаги “Конституция билимдони” кўрик-танловининг республика босқичи ғолибаси Сабринабону Неъматова “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши томонидан яна бир бор шарафланди.
Албатта, бундай юксак даражадаги танловда иштирок этиш Сабринабону учун осон кечмади. Мамлакатимизнинг янги таҳрирдаги бош қомусини ҳар бир моддаларини ёд олиб, унинг мазмунини чуқур англай олди. Шу билан бирга “Адолат” СДП сайлов олди дастури мақсад ва вазифаларини ҳам ўрганиб, ўз билим ва салоҳиятини дадил намойиш эта олгани республика танловининг ҳакамлар ҳайъати эътиборини қозона олгани ҳам ҳақиқат.
Фарғона вилояти шарафини ҳимоя қилган жасоратли ва заковатли қизимиз асли Фурқат туманидан. Бугунги кунда Ички Ишлар Вазирлиги қошидаги Академик лицейда таҳсил олмоқда. Орзуси эса етук ҳуқуқшунос бўлиш.

“Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева у таҳсил олаётган Академик Лицейда бўлиб, жамоа аҳлини Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги билан муборакбод этди. Шундан сўнг, партия томонидан ташкил этилган “Конституция билимдони” кўрик –танловининг республика босқичи ғолибаси бўлган Сабринабону Неъматовани қутлаб, келгуси ўқишларида омад ёр бўлишини тилади.

Шунингдек, танловга тайёргарлик жараёнида яқиндан кўмак берган устози Шерзод Турдибоевга ҳам миннатдорлик билдирди ва уларга партиянинг қимматбаҳо совғалари топширилди.

Халқимиз бахт — саодати, эркинлиги ва порлоқ келажаги кафолати бўлган бош қомусимиз байрами барчага қутлуғ келсин!

“Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+