Ҳайкал қўйишга арзирли касб

12.05.2021 10:05:47

Оғриб турган бемор учун шифокор – халоскор, соғлом ҳаётга қайтган одам ундан бир умрга миннатдор бўлади. Аммо, дарддан фориғ этиш – мураккаб вазифа, у бир инсон эмас, бутун бошли жамоанинг меҳнатини талаб этади. Муолажага бевосита киришувчи ҳамшираларга бу борада катта юк тушади.

Ҳамшира – ўрта маълумотли тиббиёт ходими, кичик мутахассис. Ҳамшира ва санитарлар бошланғич тиббий маълумот олади. Улар ўрта махсус тиббиёт билим юртини тамомлаган бўлади ва тиббий муассасаларда шифокорнинг ёрдамчиси саналади. Ушбу ўрта тиббиёт ходими кичик тиббиёт ходимлари – санитар, санитарлар раҳбари, кичик ҳамшира, буфетчи кабилар фаолияти устидан назорат олиб боради.

Ҳамширалар – тарихий эҳтиёж. XI асрда бир қатор Европа мамлакатларида беморлар парвариши билан шуғулланувчи аёллар пайдо бўлди. Улар илк ҳамширалардир. XIII асрда графиня Елизавета Тюригенская шифохона очди ва ҳамшираларни кўпайтирди.

Тарихдан қарайдиган бўлсак, ҳамширалар фақат аёл киши бўлган ва “тиббиётчи опа” деб аталган. Кейинчалик касб жинс танламаслиги исботланиб, “тиббиётчи ака”лар ҳам пайдо бўлди. Шунга қарамай, ҳозирги кунда ҳам ҳамшираларнинг 80 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.

Ўз фаолиятининг аввалида ҳамширалар фақат аёлларга хизмат кўрсатган. Урушлар тақозосидан эркакларнинг тиббий хизмат ва муолажаларга эҳтиёжи ошди, ҳамширалар уларнинг хизматига бириктирилди. Уруш пайти шифокорнинг бир ўзи беморларни тузатишга кучи етмади, айниқса ярадорлар билан ишлашда ҳамширалар меҳнати беқиёс эди. Демак, ҳар қандай мамлакатда ҳам уруш йиллари ҳамширалар фаолияти кучайган ва бу касб вакиллари кўпайган.

1348 йили Парижда вабо эпидемияси муносабати билан ҳамширалар фаолияти кенгайтирилди, сони оширилди. Франциянинг бошқа шаҳарларида ҳам ҳамшира қизлар кўпайди.

1617 йили француз руҳонийси Викентий Поль илк ҳамширалар жамиятини тузди. 1641 йили ҳамшираларни тайёрлаш бўйича махсус мактаб яратилди. Қрим уруши пайти инглиз аёл Флоренс Найтингейл профессионал ҳамширалар хизматини ташкил этди. Бу аёлнинг хизматлари беқиёслигидан машҳур тиббиёт ходими сифатида тарихда қолган. Унинг қўл остидаги 38 нафар ҳамшира тиним билмай ишлаган ва натижада уруш қурбонлари 42 фоиздан 2,2 фоизга пасайган. 

1912 йили Халқаро Қизил хоч жамияти томонидан ҳамширалар учун медал таъсис этилди. Медал Флоренс Найтингейл номи билан аталди. Урушдан сўнг Флоренс Найтингейл ўз маблағи ҳисобидан уруш қурбонлари ҳақига оқ мармарли катта хоч ўрнаттирган. 12 май – “Халқаро ҳамширалар куни” ҳам Флоренс Найтингейлнинг туғилган кунидир.

Тарихдаги яна бир фидойи ҳамшира – Мэри Джейн Сикол. У Қрим уруши пайти ўз хоҳиши билан 6500 км. йўлни юосиб ўтиб, фронтга борган, уруш қатнашчилари соғлиғи учун меҳнат ва маблағини аямаган. У даволашда асосан халқ табобатидан фойдаланган ва жароҳатларни битириш учун шифобахш малҳамлар тайёрлаган.

Дунё бўйлаб бир қанча мамлакатларда фронтда хизмат қилган ҳамшираларга атаб ёдгорликлар ўрнатилган. Юртимизда ҳам ушбу касб вакилларига эҳтиром ўзгача.

Тошкент Тиббиёт Академияси ва тиббиёт институтларининг “Олий ҳамширалик иши” бўлимларида анестезиология ва реанимация, хирургия, акушерлик ва менежмент йўналишлари бўйича олий маълумотли бакалавр ҳамширалар тайёрланди. Улар даволаш-профилактика муассасаларида бош, катта ва етакчи ҳамшира ҳамда тиббиёт институти ва коллежларида ўқитувчи сифатида фаолият юритмоқда.

Ҳамшираларнинг фаолиятини ривожлантириш, уларнинг билим ва тажрибасини ошириш, илғор тажрибаларни улар ўртасида кенг оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан узлуксиз ўқув-услубий машғулотлар, семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 1 декабрда қабул қилинган “Қишлоқ врачлик пунктларининг патронаж тиббиёт ҳамшираларини моддий рағбатлантиришни кучайтиришга доир қўшимча чора -тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан патронаж ҳамширалар иши самарадорлигини рейтинг баҳолаш тартиби тасдиқланди.

2017 йил 4 апрелда “Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатдан олий маълумотли ҳамширалар малакасини шифокорлар даражасида юксалтириш кўзланади. Аввал олий маълумотли ҳамширалар Республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштиришдан ўтказиш марказида малака оширардилар. Энди олий маълумотли тиббиёт ҳамширалари ва тиббиёт техникаси  бўйича мухандис-техник ходимлар Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида малака оширадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами  муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ўтказилаётган профилактика тадбирларининг самарадорлиги учун масъулиятни оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, бириктирилган ҳудудда оилаларнинг тўлиқ патронаж билан қамраб олинишини таъминлаётган ва ўз фаолиятининг ижобий пировард натижаларига, шу жумладан, касалликка чалиниш пасайишига, гўдаклар ва оналар ўлими бўлмаслигига эришган патронаж тиббиёт ҳамшираларига тариф ставкасининг 5 фоизидан 20 фоизигача миқдорда ҳар ойлик шахсий устама  белгиланди.

Ҳамширалик – чинданда фидойилар касби. Дунё бўйлаб кўплаб тиббиёт муассасаларида бу лавозимда вакансиялар тўлиб ётибди. Ҳар қандай мамлакатда ҳам ҳамшираларга нисбатан кам маош тўланади, меҳнати эса оғир. Иш кўп, тунлари навбатчилик ва жавобгарлик...

Барча ўрта тиббиёт ходимларини касб байрамлари билан муборакбод этиб, машақққатли меҳнатлари мевасини кўришларини тилаймиз!

 

Дурдона АЛИМОВА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+