Хайрли ишга қўл уриш савоб

06.06.2022 15:06:38

Термиз шаҳридаги вилоят Қон қуйиш станциясида «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остидаги донорлик акцияси иккинчи кун ҳам қизғин давом этди. Акциянинг иккинчи кунида партия фаоллари, депутатлар, Миллий гвардия Сурхондарё вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимлари, Сурхондарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари, кўнгилли донорлар ва ОАВ ходимлари фаол иштирок этишди.

Искандар Файзуллаев, Миллий гвардия Сурхондарё вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходими, акция иштирокчиси:

- Қон ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайдиган ва сунъий равишда ишлаб чиқариб бўлмайдиган инсон ҳаётидаги муҳим неъмат ҳисобланади. Шу боисдан мамлакатимизда донорлик тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Қон захирасини таъминлашнинг ягона йўли соғлом кишилардир. Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг «Бор меҳримиз сенга, болажон» шиори остидаги тадбири менда чуқур таассурот қолдирди. Ушбу тадбирнинг бош мақсади инсонларда қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги ва қон донорларининг зарурлигини чуқурроқ англаб етишларини шакллантиришдир. Қолаверса, кўнгилли донорларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб, уларга миннатдорлик билдиришдан иборат. «Адолат» партиясининг донорлик бўйича ташаббусини қўллаб-қувватладим ва қон топширдим. Ҳақиқатдан ҳам акцияда иштирок этиб, қон топширган донорлар кўплаб болажонларга нафақат эътибор кўрсатдилар, балки уларга ҳаёт бағишладилар.Дард юрагимиз бир парчаси, фарзандларимиз ҳаётига чанг солганда бутун дунё кўзимизга тор кўринади. Шундай дамларда дард ва изтироб чекаётган инсон биргина тиббиёт ходимидан эмас, балки мурувватли инсонлардан ҳам нажот кутади. Қон топшириш орқали бир беморни ҳаётга қайтаришга, унга ҳаётнинг бетакрор онларини кўришга кўмаклашган бўламиз. Бугунги акцияда шундай фикрли инсонлар кўплигига яна бир бор амин бўлдик.

Эркин Сафаров, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими, подполковник, акция иштирокчиси:

Донорлар томонидан топширилган қон шифохонада оғир бетоб бўлиб ётган беморларнинг тезда соғайиб соғлом ҳаётга қайтишлари учун бебаҳо даво ҳисобланади. Вилоятимизда ҳам ана шундай савобли кўплаб тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Вилоят қон қуйиш маркази шифокорлари томонидан вилоятимиздаги корхона ва ташкилотлар ходимлари, аҳолидан иборат кўнгилли донорлардан қон қабул қилишиб, савобли ишни амалга оширмоқдалар.Ушбу донорлик акциясида иштирок этиб, жажжи болажонларимиз саломатлиги тикланиши учун ҳисса қўшишни инсонийлик бурчи деб билганлар умидвор кўнгилларга яна умид бағишладилар. Чунки бемор болалар ва уларнинг ота-онаси учун топширилган қон жудаям муҳимлигини дилдан ҳис қилади киши. Тилагим, ҳеч кимнинг боласи касал бўлмасин, мамлакатимиз болалари ҳеч кимдан кам бўлмасин, ҳар доим юртимиз узра болалар кулгиси жаранглаб турсин.

Қон бериб, беморлар ҳаётини сақлаб қолган донорнинг қалбига инган ҳаловат, хурсандликни ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди. Бу галги акцияда ҳам фуқаролар бағрикенглик намунаси сифатида тиббий эҳтиёжлар учун қон топширдилар, улар инсонпарварлик ва меҳр-шафқат кўрсатиб, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшдилар. Шу билан бирга, бемор болажонлар учун энг олий ҳуқуқ – яшаш ҳуқуқининг узвийлигини таъминлашга ҳисса қўшдилар.

Фахриддин Орифхонов,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сурхондарё вилоят

Кенгаши мафкуравий ишлар бўйича раис ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+