Ҳалоллик вакцинаси — тараққиёт гарови

11.03.2022 10:03:48

"Адолат" СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан «Ҳалоллик вакцинаси — тараққиёт гарови" мавзусидаги онлайн (ZOOM орқали) конференцияси ўтказилди.

Конференцияда Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, халк депутатлари шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари, партия туман Кенгаши раислари ва партиянинг «Аёллар ва Ёшлар қаноти» аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Конференцияни ўтказишдан мақсад - Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиши, давлатнинг Конституциявий асосларини ва Қонун устуворлигини заифлаштириши ва мазкур жараёнларда барчани огоҳликка чақириш ҳамда жазо муқаррарлиги таъминлашга қаратилган. Коррупция - давлат ва жамиятда соғлом муҳитнинг қарор топиши, барқарорлиги, тинчлиги ва тараққиёти учун хавф солади. Коррупцияга қарши ҳар ким ҳар доим курашиши, бу иллатнинг жамиятга, тараққиётга ва хавфсизликка катта таҳдид эканлигини ҳар бир онгли инсон чуқур англаши лозим. Ҳар қандай жамият учун ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан биридир.

«Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Н.Қайпбергенов конференцияни очиб берди ва Муҳтарам Президентимиз давлат бошқарувининг энг биринчи кунлариданоқ имзолаган Қонуни яъни 2017 йил “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонун ҳамда «Адолат» СДПнинг ўз дастурида коррупция ҳолатларни келтириб чиқарувчи бир қанча тизимларга тўхталиб ўтгани ҳақида таъкидлади.

Шундан  сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси ходими А.Зарипов ўз нутқида сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан бир қанча Қарор ҳамда Қонун ҳужжатларининг қабул қилинганлиги ва мазкур коррупцияга қарши жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан тизимли амалга оширилган чора-тадбирлар борасида Қорақалпоғистон мисолида маълумотлар билан таништириб ўтди.

Ҳозирги вақтда коррупцияга оид жиноятларни содир этишга боғлиқ низомлар тегишли ташкилотлар томонидан қайта кўриб чиқиш ва мазкур низомларга қўшимчалар киритиш, қаттиқ жазо турларини қўллаш устида бир қанча ишлар амалга оширилган. Эндиликда мазкур коррупцияга қарши низомлар такомиллаштирилган ҳолда, коррупция ҳолатлари билан жазога тортилган фуқароларни махсус рўйхат асосидан ягона реестрга бириктириш ва мол-мулки бўлган тақдирда декларациясига киритиш ишлари такомиллашган. Сабаби, коррупция жиноятини содир этган лавозимли шахслар келажакда мазкур реестрга киритилиб иш фаолияти давомида давлат улиши 50% дан юқори бўлган ташкилотларда раҳбарлик лавозимига тайинланмайди. Албатта, бундай чора-тадбирларнинг аксарияти жаҳон тажрибаларида ўзини исботлаган -дея таъкидлади Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ходими Н.Сапарниязов.

Тадбир якунида Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси ходими Т.Хожамбергенова иштирокчиларнинг қизиқтирган саволларига ҳуқуқий жавоблар берган ҳолда, коррупция иллати инсон ҳуқуқларининг бузилиши, юртимизни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш биргина давлат идораси ёки жамоат ташкилотининг вазифаси эмас, балки, шу давлат фуқароси, жамият аъзоларининг масъулияти эканлигини айтиб ўтди.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий салоҳиятига ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Шундай экан, барчамиз ушбу иллатнинг авж олишига, ҳуқуқ ва манфаатларимизнинг бузилишига йўл қўймаслигимиз лозим.

 

Бахадыр ЖУЗБАЕВ,

«Адолат» СДП Қорақалпоғистон

Республикаси Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+