Халқ дарди билан яшаш алоҳида масъулият юклайди

02.06.2021 19:06:14

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сурхондарё вилоят Кенгаши, Термиз шаҳар Кенгаши ва Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи масъул ходимлари ва фаоллари партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида Термиз шаҳридаги “Тупроққўрғон” МФЙ ҳудудида жойлашган хонадонларга ташриф буюриб, ушбу ҳудуддаги аҳоли билан мулоқот ўрнатди.

Ҳамкорликда ўтказилган учрашувда фуқаролардан кўплаб таклиф ва мурожаатлар тушди. Улар асосан  чиқинди ва коммунал соҳа билан боғлиқ мурожаатлар бўлиб, аксарияти жойида ҳал этилди, қолганлари бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Жумладан, мулоқотлар жараёнида Термиз шаҳри “Тупроққўрғон” МФЙда “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи Дилором Эргашева мурожаат қилиб, соғлиги йўқлиги сабабли даволаниши зарурлигини айтиб, даволаниши учун амалий ёрдам беришларини сўради. Ушбу мурожаат бўйича Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати Малика Аманова фуқарони шифохонага ётқизиш чораларини кўрди ва даволаниши учун дори-дармон воситалари билан таъминланиш ижроси ишчи гуруҳ томонидан назоратга олинадиган бўлди.

Шунингдек, ўрганишлар асносида  “Тупроққўрғон” маҳалласида боқувчисини йўқотган  7 нафар фарзанди билан ижарада яшаётган аёл  аниқланиб,  “Тупроққўрғон” МФЙ фаолларига хабар берилди  ва  депутатимиз томонидан аёлга моддий кўмак сифатида озиқ-овқат  маҳсулотлари етказилди.

Давлатимиз раҳбари айтганидек, “Депутат бўлиш, халқ ишончини қозониш ва уни муносиб равишда оқлаш – бу осон эмас. Бундай шараф ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Депутат – фикри зикри билан халққа энг яқин одам, доимо эл-юртнинг ташвиш ва муаммолари билан яшайдиган, катта билим ва тажрибага эга бўлган шахс”,- дейди депутат М.Аманова. -Халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш бугунги кунимизнинг долзарб вазифаларидан бирига айланди. Қолаверса, бу жараён ҳар биримизга алоҳида масъулият юклайди, халқ дарди билан яшаш, муаммоларига ечим излашга ундайди.

Дарҳақиқат, депутат халқ вакили экан, у аҳоли манфаатларини ўйлаб таклиф, муаммо ва мурожаатларини тинглаб, шу асосда иш олиб боради. Халқ ва давлат ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Шунинг учун унинг зиммасида сайловчилар манфаатларини кўзлаб иш тутиш вазифаси туради.

Дилафрўз РАҲМАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+