Халқ хизматчиси номини оқлаш – шараф

06.04.2021 17:04:48

Саломатлик ҳаётимиздаги энг муҳим жиҳатдир. Соғлом бўлсаккина ишларимизда муваффақият ва барака бўлади. Зеро, мамлакатимиз раҳбарининг яқинда айнан шу мавзуга бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳам ушбу жиҳат тилга олинди. Яъни аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бугунги ҳаётимизнинг аҳамиятга молик мавзуларидан эканлиги айтиб ўтилди. Ушбу йўналишдаги ишларимизни тизимли йўлга қўйиш, тартиб-интизомни сақлаш айниқса катта рол ўйнаши ҳақида зарур фикрлар илгари сурилди.

Дарҳақиқат, жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, мамлакатимизнинг тиббиёт соҳасини замон талабларига мос тарзда ривожлантириш ҳаётий заруриятга айланмоқда. Аҳоли эҳтиёжлари ҳам шунга яраша ошиб бораётгани сир эмас албатта. Бироқ, бизда медицинани ривожлантириш учун имкониятлар етарли бўлса-да, уни тўлиқ сафарбар этолмаётганлигимиз ачинарли. Бунинг учун мутахассис кадрлар малакасини ошириш ва ўқитиш тизимини модернизациялаш жараёнини тубдан ислоҳ қилиш зарур. Мамлакатимиз раҳбари йиғилишда бу жиҳатга ҳам алоҳида тўхталиб, келгуси ўқув йилидан клиник ординатуранинг қабул квотаси икки бараварга оширилиши белгиланганлигини айтиб ўтди. Унга кўра янги тизимда ординаторлар ўқув жараёнининг ярмини олийгоҳ ва ихтисослашган марказларда, қолган ярмини эса иш жойида давом эттириш имконияти вужудга келади. Шунингдек, вилоят хокимлари ўз ҳудуди учун зарур бўлган тор мутахассисликдаги шифокорларни тайёрлаш учун маҳаллий бюджетдан грант ажратиши ҳақида маълум қилди.

Эътироф этиш керакки, бу янгиликнинг бўлғуси шифокор кадрлар салоҳиятини оширишда, етук мутахассислар етиштиришдаги аҳамияти юксак. Айниқса, ўқув жараёни билан амалиётни биргаликда олиб бориш, албатта кутилган самарани беради.

Ўтган йилда оғир синовлар бошимиздан ўтди. Пандемия ҳар бир кишининг ўз соғлиги нақадар улуғ неъмат эканлигини англашга мажбур этди. Ҳозирги вазиятга синчковлик билан назар ташласак, хавф ҳали хамон ортга чекинмаганлиги, бир лаҳза ҳушёрликни йўқотсак, вазият тубдан яна кескинлашиши мумкинлигини чуқур ҳис қиламиз. Охирги вақтларда коронавирус касаллигининг ахоли ўртасида яна кўпаяётганлигини одамларнинг белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилмай қўйганлиги билан изоҳлаш мумкин.

Шунингдек, давлатимиз Президенти ўтган йили ихтисослаштирилган марказларда даъволанишга мухтож 84 минг нафар бемордан 51 минг нафари бепул ордер билан таъминланганини қайд этиб ўтди. Президент ордерлар учун маблағни 1,5 бараварга кўпайтириб, қўшимча 80 миллиард сўм ажратиш бўйича Молия вазирлигига кўрсатма берганлиги ҳам эътиборга молик ишлардан биридир. Шу ўринда қайд этиш керакки, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам бу борада аҳоли эҳтиёжлари учун ордерлар олишга кўмаклашиш ишига ҳисса қўшиб келмоқда. Зотан, халқ хизматчиси номини оқлаш шарафли бурч эканлиги биз депутатларни доимо олдинга интилишга чорлайди.

 

Ҳусниддин ЭРГАШЕВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+