Халқ таълим соҳасидаги муаммолар - партия нигоҳида

14.03.2021 15:03:32

Келажагимиз бўлган ёш авлоднинг таълим-тарбиясида умумтаълим мактаблари алоҳида ўрин эгаллайди. Шундай экан мамлакатимиздаги таълим-тарбия маскани бўлган умумтаълим мактабларининг бугунги кундаги аҳволини мунтазам ўрганиб, агар муаммолари бўлса уни бартараф этиш чораларини кўришимиз зарур.

Айнан шу мақсадни кўзлаган Ўзбекистон «Адолат» СДП ҳудудлардаги партия ташкилотлари ходимлари ва депутатлари иштирокида умумтаълим мактабларининг аҳволини ўрганиб чиқиш бўйича муҳим бўлган ташаббусни кўтариб чиқди.

Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳолда партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳам жойларда тузилган ишчи гуруҳлар ёрдамида ҳар бир шаҳар ва туманлардаги умумтаълим мактабларининг бугунги кундаги ҳолатини ўрганиб чиқди.

Жумладан, партия Чимбой тумани Кенгашидаги ишчи гуруҳ аъзолари Чимбой туманидаги 27-сонли умумтаълим мактабини ўрганди. Мазкур таълим маскани 1992 йилда қурилиб фойдаланишга топширилган, 2009 йили ушбу ўқув муассасаси давлат томонидан қайта таъмирдан чиқарилган, шундай бўлса ҳам сўнгги йилларда таъмирталаб аҳволга келиб қолган.

Ўрганишлар жараёнида мактабнинг ахборот ресурс маркази, спорт зали, кийиниш хоналаридаги таъмирлаш ишлари талаб даражасида эмас. Бу эса, ўқитувчи ва ўқувчиларга таълим жараёнида ноқулайликларни келтириб чиқариши шубҳасиз.

Бундан ташқари, лаборатория хоналари техник жиҳозлар билан таъминланмаганлиги кузатилди. Мавжуд ускуналар ҳам яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги аниқланди.  

Шунингдек, 216 ўринга мўлжалланган мактаб ҳожатхонаси умуман талабга жавоб бермайди, бу ерда гигиеник қоидаларга риоя қилинмаслиги аниқланди. Албатта, бу ачинарли ҳол. Бироқ, айни дамда бизнинг фарзандларимиз мана шундай масканда билим олишмоқда.

Шунга ўхшаган яна бир мактаб Тахиатош туманидаги 21-сонли умумтаълим мактабидаги ачинарли аҳвол эътиборни тортади. Ушбу мактаб 2009 йили 140 ўринлик этиб қайта қўрилган. Бироқ ҳозирги кунда 192 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Бундан ташқари мактабнинг маслаҳатхонаси, маънавият хонаси, психолог хонаси ва ёшлар етакчиси хоналари умуман ажратилмаган. Педагог-кадрларнинг таъминланиш даражаси ўрганилганида химё, физика ва чет тили фанларидан ўқитувчилар етимаслиги аниқланди. Юқоридаги каби бу мактабда ҳам ахборот ресурс маркази, спорт зали, кийиниш хоналари ва ҳожатхоналари таъмирталаб аҳволда.

Ҳолат юзасидан ҳозирда ишчи гуруҳ вакиллари масъул ташкилотлар билан тегишли ишлар олиб бормоқда.

Бу ўрганишлар натижаси эртанги “Янги Ўзбекистон - мактаб остонасидан, таълим- тарбия  тизимидан бошланади” деган эзгу ғояга хизмат қилишига ишонамиз.

 Келажак - ёшлар қўлида. Зеро, бугун ёш навниҳол ўғил-қизларимизга берилаётган ҳар бир  имконият, кичкина эътибор ҳам уларни юксак марраларни забт этишларига, ҳатто жаҳон миқиёсида ўз сўзи ва овозини баралла айтишига омил бўлади.

Шундай экан келажак эгалари бўлган ёшлар тақдирига бефарқ бўлмасдан, уларнинг таълим-тарбия олишлариги замин яратиш  ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиз  эканлигини унутмаслигимиз керак!

 

Баҳадыр ЖУЗБАЕВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+