Халқаро фан олимпиада ғолиблари тақдирланмади(ми?)

04.05.2021 11:05:27

28 та давлат ўқувчилари ўртасида онлайн тарзда ўтказилган 55-Халқаро Менделеев кимё олимпиадасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган 7 нафар ўқувчиларнинг барчаси юқори натижаларни қайд этишди.

Халқаро олимпиаданинг якуний натижаларига кўра 1 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медаллари қўлга киритилган.

Xushnudbek.uz каналида аввалига олимпиада ғолибларига пул мукофоти берилди, деб ёзилди, сўнгра, пул мукофоти берилди, деган хабар ўчирилиб, қайта таҳрир қилинган ҳолатда тақдим этилди.  Натижада халқаро фан олимпиадаси ғолибларига пул мукофотлари берилдими ёки берилмадими деган савол туғилади.

Энг зўр сармоя – билимга тикилган сармоя, деб таъкидлаб турилган вақтда ғолибларнинг ўқиб-изланишлари, таълим олишларини янада рағбатлантириш ўрнига, белгиланган пул мукофоти йўққа чиқарилдими? Тушунарсиз ҳолат...

Ҳокимлик вакиллари, мутасаддилар томонидан маза-бемаза видеолари билан чиқаётган,  қўллаб-қувватланаётган, тақдирланаётган тик-токерлар кўкка кўтарилиса-ю, ҳақиқий илмли ўқувчи четда қолса? Бу мантиққа тўғри келадими? Китоб ўқиганга Спарк, ғолиб спортчиларга машина-ю, катта миқдордаги пул мукофоти, санъатини намойиш қилганга мукофот, амалда татбиқ қилинмай, шунчаки қоғозда қолиб кетадиган таклифларни берганларга қимматбаҳо машина, уйлар берилади, бироқ илм чўққисини забт этаётган, халқаро миқёсда ақл-заковати орқали тан олинаётган илм-фаннинг келажаги бўлган ёшларга замбаракнинг ўқими?! Ҳолат шундай бўлгандан кейин, чет элга билимли ёшлар кетмай, чаккасини қашлаб ўтирадиган Мамарайим кетсинми?!

 Вазият ўта жиддий. Бугун биз илмли ёшларимизга ҳар томонлама шарт-шароит яратмас, рағбатлантирмас эканмиз, улар “сеҳрли диёр”лар томон ўз бахтини излаб кетишдан тўхтамайдилар. Вақтида кўзимизни очмасак, уларга йўл бермасак, қўллаб-қувватламасак, келажак олимларидан айрилиб қолаверамиз. Шундай экан, ҳурматли мутасаддилар, вазиятга оқилона ёндашинг! Токи келажак умидларимиз қўлини силтаб кетмасинлар!


Нигора НИШОНБОЕВА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+