Халқимиз янада катта ўзгаришлар ва янги ташаббусларни кутяпти

06.06.2024 19:06:14

Юртбошимиз иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган лойиҳаларни кўздан кечириш, йирик объектлар қурилишига старт бериш, истиқболли лойиҳаларни белгилаш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Бухоро вилоятида бўлди. Ташриф чоғида белгилаб берилган устувор вазифалар қадим Бухоронинг яқин истиқболдаги ривожланиш стратегияларини ўзида мужассам этади. Хусусан, ҳудудни ижтимоий -иқтисодий ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари вилоятимизни камбағаллик, ишсизлик, ва жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш ҳамда бошқа бир қатор муҳим соҳаларда «Бухоро тажрибаси» ни яратишни устувор вазифа сифатида белгилаб бердилар. Давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятига ташрифини, анъанадагидек, Баҳовуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади. Қуръон оятлари тиловат қилинди. Аллоҳ таолодан ўтганларга раҳмат, юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуо ўқилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи арафасида «Қоракўл» эркин иқтисодий зонасида «Энпипе» корхонаси ишга туширилди.

Умумий қиймати 58 миллион доллар бўлган лойиҳа тўлиқ хорижий инвестиция ҳисобидан амалга оширилди. Хитой, Туркия, Нидерландия ва Испаниядан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилиб, йилига 300 минг тонна металл қувурлар ишлаб чиқариш ташкил этилди

-Бугун Бухорога келишимиздан мақсад 2 миллиондан зиёд аҳолининг турмушини яхшилаш, даромад манбаи яратиш, камбағалликни қисқартириш. Вилоятнинг кўп жойида экин экиш учун ернинг шўрини ювиш керак. Шунинг учун биз кўпроқ саноатга эътибор беряпмиз. Мана шу заводни ҳам нима учун қурдик? Бундай қувурларни олиб келиш учун кўп пулимиз йўлга кетарди. Бугун яна янги иншоотлар қурилишини бошлаймиз. Уларнинг атрофида бир нечта корхоналар, иш ўринлари пайдо бўлади. Пировард натижада одамларнинг уйига ёруғлик, ишонч ва умид киради. Ана шу умид бизларни бирлаштиради, — деди Президент.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мазкур корхонанинг ишга тушиши натижасида 400 дан ортиқ киши доимий иш билан таъминланди.

Охирги етти йилда вилоятга қарийб 4 миллиард долларлик инвестициялар жалб этилган. Уларнинг натижасида 90 мингта иш ўрни ва 1 миллиард 800 миллион долларлик экспорт имконияти яратилган. Жорий йил вилоятда 1 миллиард 300 миллион долларлик 607 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбари Қоракўл туманида маҳалла еттилиги вакиллари, нуроний онахон ва отахонлар, ёшлар вакиллари билан учрашдилар, улар билан дилдан суҳбатлашиб, Бухорога ташрифлари юзасидан кўзда тутилган лойиҳалари тўғрисида гапириб ўтди. Вилоятда халқаро стандартларга мос, аҳолининг барча эҳтиёжларини қондиришга хизмат қиладиган инфратузилма яратиш, ҳар бир маҳаллада аҳолининг самарали меҳнат қилиши, дам олиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, қишлоқларда ҳам катта шаҳардаги маҳаллалардан қолишмайдиган кўзни қувонтирадиган маҳалла марказларини ташкил этиш ниятлари борлигини айтдилар.

Президентимиз Бухорога ташрифининг иккинчи кунида Ғиждувон туманидаги ипакчилик корхонаси фаолияти билан танишиб, унда фаолият юритаётган аёллар билан суҳбатлашди, мутасаддиларга аёлларнинг яшаш ва меҳнат фаолиятларини янада яхшилаш бўйича топшириқлар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташриф давомида келгусида Бухорода аҳолининг ишсиз қатламларини ҳам иш билан таъминлаш ва турмуш шароитини яхшилаш мақсадида Когон туманида минг гектарда йирик саноат мажмуаси барпо этилиши белгилаб олинди.

Бир сўз билан айтганда, давлат раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифидан халқимиз янада катта ўзгаришлар ва янги ташаббусларни кутяпти.

Мақсуд Ҳамидов
«Адолат» СДП
Бухоро вилоят Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+