Халқларимиз дўстлиги янада мустаҳкамланади

14.06.2021 15:06:35

“Бизнинг зиммамизда улкан масъулият турибди: нафақат беҳуда йўқотилган вақтни ўрнини тўлдиришимиз, балки ўзаро муносабатларимизни янги босқичга кўтармоғимиз даркор”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу сўзлари Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилгани барчамизга аён. Икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан кейинги йилларда мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилиоқда. Бунга Президентимизнинг ўтган ҳафтада Тожикистонга уюштирган расмий ташрифи ҳам мисол бўла олади.

Ушбу ташриф дастуридан ўрин олган Душанбе шаҳрида икки томонлама тадбирлар – расмий кутиб олиш маросими, тор доирадаги ва кенгайтирилган таркибдаги музокаралар, ижтимоий объектлар очилиши ва икки томонлама ҳужжатлар имзоланишига бағишланган онлайн маросимлар юқори савияда  ўтказилди. Бу жараёнларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.  Узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган амалий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ лойиҳалар илгари сурилгани ҳам эътиборга моликдир. Президентлар халқаро сиёсат ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашадилар.

Давлат раҳбарлари Тожикистон пойтахтида қўшма маданий тадбирларда иштирок этдилар, Сўғд вилоятида эса жамоатчилик вакиллари билан учрашув ўтказиб, қатор саноат объектлари билан танишдилар. Пировардида  ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг муҳим соҳаларини қамраб олган 30 дан зиёд ҳужжатлар имзоланди. Ташрифнинг яна бир муҳим воқеаси - Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тожикистоннинг юксак давлат мукофоти - биринчи даражали «Зарринтож» ордени билан мукофотлангани бўлди. Бу, давлатимиз раҳбарининг халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янги, янада юқори поғонага кўтаришдаги хизматларининг эътирофи дейиш мумкин.

Ташриф якунлари ҳақида сўз борар экан, кейинги йилларда Ўзбекистон-Тожикистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга – стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлаш лозим. Президентларнинг ташаббуси  ва қатъий сиёсий иродаси туфайли икки биродар мамлакат ва халқ ўртасидаги алоқалар тобора тараққий топмоқда.  ривожлантиришнинг долзарб масалалари ҳал этилди. Маълумотларга кўра, ўзаро савдо ҳажми бир неча баробар ортиб, ўтган йили 500 миллион доллардан ошди, 200 дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилди. Гуманитар соҳада фаол алмашинувлар, ҳудудлар ўртасида самарали алоқалар амалга оширилмоқда. Хатто пандемия билан боғлиқ мураккаб шароитда ҳам фойдали ҳамкорлик суръатлари пасайгани йўқ. Аксинча,  икки қўшни давлат  коронавирус оқибатларини енгишда ўзаро бирдамлик кўрсатиб, бир-бирларига елкадош бўлдилар.

Ҳеч шубҳа йўқки, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик бундан буён ҳам янада ривожланаверади.

 

Баҳодир БОЛТАБОЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилояти Кенгаши раисининг ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+