Халқнинг бугунги кунидан рози, эртанги кунига бўлган ишончи ортмоқда

11.03.2021 11:03:54

Бугун Қорақалпоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини янада яхшилашга қаратилган ислоҳатлардан ушбу ҳудудда яшаётган ҳар бир киши  бунинг гувоҳи бўлмоқда. Ўтган йилнинг 11 ноябрь куни  «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорининг қабул қилиниши Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги улкан тарихий воқеаларнинг бири бўлди.

Сабаби ушбу қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида 2020-2023 йиллар давомида мингдан ортиқ лойиҳалар амалга оширилиши ва бунинг натижасида ҳудудда олдин бўлмаган 9 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш назарда тутилган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш орқали йиллик эспорт ҳажмини ошириш ва қўшимча янги иш ўринларини яратилиши асосий мақсад қилинган. Яъни, Қорақалпоғистон Республикасидаги ишсизлик даражасини 13,2 фоиздан 8,5 фоизга туширилиши назарда тутилган.

Ушбу катта ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ташаббускори бўлган Президентимиз жорий йилнинг 9 март куни Қорақалпоғистон Республикасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Тақдимотда ўтган йили Қорақалпоғистонда умумий қиймати 436 миллион долларлик 712 та лойиҳа амалга оширилиб, 4 300 дан зиёд иш ўрни яратилган. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида эса 52 та лойиҳа бажарилиб, 300 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланганлиги ҳақида маълумотлар берилди.

Бундан ташқари Қорақалпоғистоннинг минерал ресурсларга бой эканлиги келтирилиб ўтилди. Уларни қайта ишлаб, қурилиш материаллари тайёрлаш мақсадида 150 та лойиҳа режалаштирилган. Натижада йилига 1 триллион сўмликдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилиб, қўшимча 3 миллион долларлик экспорт қилиш имконияти яратилади. Бир гена Мўйноқ туманида керамика ва қамишдан плиталар ищлаб чиқариш режалаштирилган. Ҳақиқатдан ҳам, Мўйноқ туманимизда қамишзорлар кўп. Бундан натижали фойдалана олсак эртага иқтисодиётимизнинг ривожланишига асосийси аҳоли бандлигини таъминлашга эришамиз.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигининг чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик соҳалари бўйича 117 та лойиҳа ишлаб чиқилганлиги билдирилди.

Ушбу лойиҳаларнинг кўпчилиги Мўйноқ туманимизда амалга оширилаётгани туман аҳолисининг ижтимоий аҳволининг яхшиланишига хизмат қилмоқда. Уларнинг самарасида минглаб кишининг бандлиги таъминланаётгани биз мўйноқликларнинг кайфиятини янада кўтармоқда. Мен ушбу туман аҳолисининг бири сифатида бу ислоҳотларнинг гувоҳи ҳам бўлмоқдаман. Бундай ислоҳотлардан бир нарсани айтиш жоиз, халқ бугунги кунидан рози бўлиб, эртанги кунига бўлган ишончи ортмоқда.

 

Зерхан САЙИТБЕКОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Мўйноқ тумани Кенгаши «Аёллар қаноти» раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+