Халқнинг танлови муҳим

03.08.2021 12:08:42

Мутахассислигим биолог, вирус билан курашишнинг энг афзали унга қарши бўлган вакцина билан эмланиш эканлигини тасдиқламан. Бугун эмлаш жараёнлари оммавий тарзда олиб борилмоқда. Аммо, кўпгина вакцина ҳақида нотўғри тушунчага эга бўлган аҳоли қатлами ҳамон эмлангани йўқ. Бугун очиқ айтишимиз мумкинки, тождор вирус билан зарарланмаган бирор давлат  қолмади. Бу эса аввало, ўша давлатнинг асосан иқтисодиётига катта таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, туризм, халқаро авиақатновлар, кичик овқатланиш ошхоналаридан тортиб йирик савдо корхоналари,  халқаро товар айрибошлашлар ва  кўпгина спорт ўйинларининг қолдирилишига ҳам замин бўлди.

Энди бу тармоқларни қайта жонлантириш чоралари кўрилмоқда. Яъни, вирус туфайли ёпилган ташкилот ва корхоналар бугун ўз ишчи-ходимларини эмлатган ҳолда ўз ишларини қайта йўлга қўймоқда. Рақамларга тўхталадиган бўлсак, бутун дунё бўйича уч миллиарддан ортиқ вакцина одамлар томонидан қабул қилинган. Бу вакцина яратилганидан буён эмланишларнинг яхши олиб борилаётганидан далолат беради.

Билишимиз жоизки, вакцина ҳаммага турлича таъсир қилиши мумкин. Яъни, истима чиқиши, бош оғриғи, енгил ёки оғир йўталиш. Баъзан, ҳолсизланиш, мушаклар оғриши кабилар шулар жумласидан. Аввало, организмдаги иммун тизимига боғлиқ бўлади. Агар у кучли бўлса, эмланишдан кейинги аломатлар осонроқ бўлади. Вакцина билан эмлангандан сўнг белгиланган меъёрий қоидаларга амал қилинса, асоратлар билинмайди. Бунда эмланган шахс уч кун мобайнида ҳаммомга кирмаслиги, совуқ сув ичмаслиги, иссиқ об-ҳавода юрмаслиги лозим бўлади. Бундан ташқари, эмланган шахс инсон организми учун зарур бўлган табиий суюқликлардан кўпроқ истеъмол қилиши керак. Жумладан, қайнатиб совутилган, аммо илиқ бўлган сув, юқорида айтилганидек, совутилмаган табиий мева шарбатларини келтиришимиз мумкин. Шуни таъкидлаш жоизки, газланган ичимликлардан бироз чекланиш зарур бўлади.

Албатта бу борада, халқнинг танлови муҳим, устувор бўлмоғи керак. Бизнинг вазифамиз эса бу устуворликни тўғри йўналишда кетиши учун тушунтириш ва тарғибот ишларини кенг олиб боришдан иборат.  

Комила УМАРОВА,

Халқ депутатлари Жомбой туман кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+