Ҳамкорлик самара келтиради

11.05.2022 11:05:18

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Улар орасида Халқаро Амир Темур хайрия жамғармасининг маҳаллий бўлими ҳам бор. Партиядошларимиз биргаликда кўплаб тадбирларни амалга оширмоқдалар. Айниқса навқирон авлод таълим-тарбияси билан боғлиқ масалалар юзасидан ўзаро ҳамкорлик яхши натижалар бермоқда.

-         Ҳозирги пайтда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида фаолларимиз бор, - дейди Халқаро Амир Темур хайрия жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Соҳибахон Аъзамова. – Улар жойлардаги “Адолат” СДП ташкилотлари билан узвий алоқа ўрнатишган. Масалан, апрель ойида буюк соҳибқирон таваллуд кунига бағишлаб ўнлаб тадбирлар биргаликда ташкил этилди. Бу, аҳоли, айниқса, ёшларда улуғ аждодларимизга ҳурмат ва эҳтиром туйғусини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди. Маълумотларга қараганда, мазкур тадбирларда уч мингдан ортиқ киши иштирок этди. Улар Амир Темур тўғрисида ҳам, “Адолат” социал-демократик партияси ҳақида ҳам тушунчалар олдилар.

Бундай ишларда партиямиздан сайланган депутатлар ҳам фаол қатнашмоқдалар. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзоси Дилмурод Исмоилов ўз сайлов округи ҳудудида жамғарма вакиллари ўтказадиган тадбирларда мунтазам қатнашади. Халқ депутатлари Косонсой туман кенгаши депутати Исроилжон Жўраев ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Улар тадбирлардаги чиқишларида буюк саркарда ва давлат арбоби олға сурган тамойиллар партиямиз дастури ва ғояларида ўз аксини топганлигига алоҳида эътибор қаратадилар. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

наманган2

Куни кеча ташкил этилган тадбирда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Иштирокчилар томонидан қатор фойдали таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Партиядошларимиздан бир гуруҳига халқаро Амир Темур жамғармасининг эсдалик нишонлари топширилди.

                                                                      Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.    

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+