Ҳамма айб - ҳақ-ҳуқуқларимизни билмаслигимизда

04.06.2021 17:06:13

Ўқув йили якунланишида ҳар йили аксарият ота-оналар томонидан мактаб таъмирига пул йиғиш ҳақидаги ҳақли эътирозлар кўпайиб боради. Бу йил ҳам шу масала кун тартибидан тушмаганини ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан ҳам кўриб турибмиз. Таълим тизимига бўлган эътибор жамиятимиз олдидаги энг долзарб масалалардан ҳисобланар экан, уларни рад этиш қийин.

Яқин йилларгача мактаб таъмири ва айрим жиҳозлари учун ўқувчилардан пул йиғиб келингани ҳақиқат. Бу ҳолат ҳозир ҳам учрайди. Инфляция ҳисобига бугунги кун учун 30-40 минг сўм унчалик катта қиймат бўлмаслиги мумкин. Аммо бир неча йиллар олдин аксарият ота-оналар бундай пулларни беришга қийналарди. Ҳозир ҳам мана шу суммани  бера олмайдиган оилалар бор. Назаримизда бундай муаммоларнинг юзага келишига қонунчиликни ва ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни билмаслигимиз сабабчи. Мактаб маъмурияти шу тадбирни эълон қилганда, биронта ота-она унинг ҳуқуқий томони билан қизиқиб кўрмайди. Ваҳоланки, Конституциямизнинг 41-моддасида таълим бепул эканлиги ва давлат томонидан кафолатланиши  қайд этилган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорининг 9-бандида мактабларнинг ўқув-услубий материаллар, ўқувчиларнинг техник ва  ахборот воситалари билан таъминланиши, умумий ва ўрта таълим тизими муассасаларининг моддий-техник базаси, ўқувчилар учун санитария-маиший ва ижтимоий шароитлар тегишли вазирликлар ва ҳокимликлар томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Таълим тизимидаги бундай қонун бузилишларни  нафақат ўқувчиларнинг, балки, ўқитувчиларнинг фаолияти мисолида ҳам  кўплаб кузатиш  мумкин. Чунки аксарият педагог ходимлар  ўқув  дарслари ва тадбирлар учун керак бўладиган  моддий қўлланмаларни ўз ҳисобидан тайёрлайди. Кўргазмаларга қўйиладиган жиҳозлардан тортиб,  дарс жараёнида қўлланиладиган  ўқув материаллари, ахборот воситаларигача ўқитувчининг “чўнтаги” дан бўлишини  кўпчилигимиз яхши биламиз, аммо кўз  юмиб келамиз. Бугун бу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган экан, унга жиддийроқ ёндошиш ва масалани қонуний ечимлар асосида ҳал қилиш вақти келди.    

Илҳомжон АБДУЛАЗИЗОВ,

халқ депутатлари Андижон шаҳар депутати

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+