«Ҳамма нарса инсон учун, инсон манфаатлари учун»

07.06.2024 20:06:58

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи шариф шаҳарнинг яқин истиқболдаги стратегияларини ўзида мужассам этади. «Иқтисодиётни изчил ривожлантириб, яна иш жойлари очиш, ёшларни билимли ва касбли қилиш бўйича ҳали кўп ишлаш керак. «Оёғимиз остида» имкониятлар турибди. Улардан фойдаланиб, 544 та маҳалладаги 2 миллиондан зиёд аҳолининг шароитини янада яхшилаш зарур. Бунинг учун ҳар бир тизим ҳар куни меҳнат қилиши, изланиши керак»- дея таъкидладилар Юртбошимиз.

Давлатимиз раҳбарининг ёшлар масаласига қайта-қайта мурожаат қилишлари мен каби мактабда фаолият юритадиган раҳбарлар учун катта масъулият юклайди, ёшларимизнинг ҳаётда ўз ўрнини, мавқейини топишида ҳар куни меҳнат қилишга, янги ташаббусларни излашга чорлайди.

Халқимизнинг «Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она» каби пурмаъно мақоллари бугунги кунда амалий ҳаракатга айлантиришни тақозо этмоқда.

Азиз фарзандларимизнинг камолоти, уларнинг яхши ўқиб, халққа нафи тегадиган касб-ҳунарларнинг эгалари бўлиб вояга етишлари ҳар бир ота-она, маҳалла ва бутун жамиятимиз учун олий мақсадлардан бири эканлигини яхши тушунамиз.

Бу борада ҳурматли Президентимизнинг ташаббуслари билан илк маротаба жорий йилдан бошлаб вилоятимизда 548 та умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчиларига дарсдан сўнг корхона ва ташкилотларда касб-ҳунарни ўрганиш ҳамда ойлик иш ҳақи эвазига ишлаш амалиётининг жорий этилиши,бу эса «Бухоро тажрибаси» бўлиши албатта вилоятимизга билдирилган ишончнинг намунасидир.

Ҳар бир ўқувчининг ўқиш давридаёқ мустақил равишда ўзи қизиққан касб-ҳунарнинг ҳақиқий эгаси бўлишини таъминлашга кўмаклашиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.

Шундагина, бола мактаб остонасидан ўзига ишонч билан мустақил ҳаётга қадам қўяди, ўзи шуғулланадиган касби-ҳунари ва кафолатланган иш жойи мавжуд бўлади.

Энг муҳими, ёшларимизни барқарор иш ўринлари билан банд қилсак, улар онгида турли бузғунчи ғояларга жой қолмайди, жамиятимизнинг ижтимоий фаол аъзосига айланади.

Энг қувонарлиси, Президентимиз нажот-таълимда,нажот-билимда,нажот-мактабда эканлигига ҳамда Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланишига урғу бериб,барча соҳаларни билим орқали ривожлантиришимиз кераклигини айтиб ўтдилар ва бу ўз ўрнида таълим соҳасига берилган эътиборнинг яққол далилидир.

Гулчеҳра Равшанова,
Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати
Бухоро шаҳридаги 29-ИДУМ директори

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+