Ҳамма бир киши учун

21.06.2022 19:06:27

20 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари жамият ҳаётининг барча жабҳаларида Асосий қонун қандай ўрин эгаллаши ҳақидаги фикрларни баён этди. Улар бугунги кунда кенг жамоатчиликнинг диққат марказида турибди.

Масалан, мен эрталаб вилоят тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Нурмуҳаммад Турғунов билан учрашиб қолдик. Гап айланиб, давлатимиз раҳбари ўтказган учрашув, унда олға сурилган таклиф ва мулоҳазаларга бориб тақалди. Ҳозиргина Намангандаги «Саховат уйи»дагилар билан шу ҳақда мулоқот қилганини, имконияти чекланганлар, ногиронлиги бор шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож ва эҳтиёжмандлар кўрсатилаётган ғамхўрликдан миннатдорликларини билдирди.

Унинг айтишича, Президентимиз баён этган фикрлар ҳаммага ва ҳар бир кишига тааллуқли. Чунки Конституцияда давлатнинг зиммасидаги вазифалар қатори фуқароларнинг ҳуқуқлари ва бурчлари қандай ифодаланиши лозимлиги тўғрисида тушунчалар берилди.

Суҳбатдошим ён дафтарини очиб, унда битилган сатрларни менга ўқиб ерди. Унда Президентимизнинг қуйидаги сўзлари ўз аксини топганди.

«Бугунги кунда юртимизда 1 миллионга яқин имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларимиз ҳаёт кечирмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда имконияти чекланган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг шароитларни яратиш борасидаги давлат сиёсати мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда.

Энди, ногиронлиги бўлган инсонлар – жамиятнинг тўлақонли аъзолари, деган тамойил негизида уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва кафолатларини белгилаб қўйиш инсоний бурчимиздир. Жумладан, «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар қандай ажратиб қўйиш, уларнинг ҳуқуқларини чеклаш, объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бош тортиш тақиқланади.

Давлат уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини амалга ошириш учун зарур шароитларни ва тенг имкониятларни яратади.

Алоҳида эътиборга муҳтож бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилади», деган қоидаларни киритишни таклиф қиламан».

Бу фикрларга барча қўшилса керак, деб ўйлайман.

Исроилжон ЖЎРАЕВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+