Ҳаммаси мактабгача таълимдан бошланади

18.05.2021 11:05:45

Ўзбекистонда кейинги йилларда таълим тизимини ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Зотан, биз яшаётган даврнинг ўзи шуни талаб қилмоқда. Айниқса, соҳанинг пойдевори бўлиши мактабгача таълимни ривожлантириш диққат марказида. Янги-янги муассасалар қурилмоқда, эекилари мукамал таъмирланмоқда.

Туманимизнинг энг чекка қишлоқларида ҳам замонавий мактабгача таълим ташкилотлари бинолари қад кўтараётганлиги диққатга сазовордир.  Масалан, марказдан анча олисда жойлашган "Бешсерка" маҳалласини олайлик. Ўтган ҳафтада бу ерда бир йўла  иккита болалар боғчаси қуриб битказилди.

Уларадан  бири тадбиркор Сарваржон Тўлқинов ташаббуси билан қад  кўтарган  замонавий "Қувноқ билимдонлар" номли мактабгача таълим ташкилотидир. Давлат-хусусий шерикчилик асосида  бунёд этилган  мазкур муассасани битказишга  1,1 миллиард сўм маблағ сарфланди. МТМ 50 ўринга мўлжалланган. Унда болажонларнинг таълим-тарбия олишлари ва мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Худди шу куни “Бешсерка”да яна бир мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсата бошлади. У болажонлар учун барча қулайликлар муҳайё этилган 24-сонли мактабгача таълим ташкилотидир. Бу ерда  маҳалладаги 120 нафар кичкинтой сифатли таълим-тарбия олиши  мумкин.

Ташкилотнинг очилиш маросимида сўз олганлар маҳалла аҳлини, қолаверса, ташкилот ходимлари ва жажжи тарбияланувчиларни янги бино билан табриклаб, ушбу муассасадан келгусида жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшадиган ажойиб кадрлар етишиб чиқишига ишонч билдирдилар.

Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, Мингбулоқ туманида бугунги кунда 57 та давлат, 40 та оилавий, 4 та давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги ҳамда 2 та хусусий шаклдаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур муассасаларда кўплаб “Адолат” СДП аъзолари ҳам меҳнат қилмоқдалар. Ҳозир уларнинг сони юз  нафардан ошиб кетди.  Тез  орада бу миқдор  янада кўпаяди.  Шу мақсадда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.  

 

Раънохон УМАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Мингбулоқ туман кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+